Ўзбекистонда икки киши совуқ қотишдан вафот этгани маълум бўлди. Бу ҳақда Постда нашри хабар қилди.
Маълум бўлишича, шундай ҳолатлардан бири Қорақалпоғистоннинг Хўжайли туманида юз берган. 6 декабрь куни бедарак йўқолган 29 ёшли Н.Р. “Кулаб” овул фуқаролар йиғинидан ўлик ҳолда топилган. Унинг ташқи кўринишида ҳеч қандай жароҳатлар аниқланмаган бўлган.
Шунингдек, 17 декабрь куни Самарқанд вилояти Пахтачи тумани “Фаровон Йўлдошобод” МФЙдаги “Агросаноат” МЧЖга тегишли дала майдонида асли нарпайлик 30 ёшли Н. В.нинг жасади топилган. Унинг ҳам жасадида ҳеч қандай жароҳатлар аниқланмаган.
Ҳар икки ҳолат юзасидан ўтказилган суд тиббий экспертизаси натижасига кўра улар “тананинг умумий совуққотиши”дан ҳалок бўлганлиги аниқланган.
Юқорида қайд этилган иккита ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.