Кеча, 14 январь куни ярим тунда Тожикистондаги Қайроққум сув омборининг ёрилгани ҳақида ёлғон хабар тарқалган. Хабарда унинг натижасида сув тошқини юзага келгани айтилган.
Ушбу ёлғон хабар вилоятда сув тошқинидан зарар кўрган Сардоба, Мирзаобод, Оқолтин каби туманлардаги аҳолининг ваҳимага тушишига сабаб бўлган. Айримлар ҳатто уйларини ташлаб ҳам кетишган. Вазиятдан хабар топган вилоят ҳокими ваҳима тарқалган туманларга етиб борган. Ғофуржон Мирзаев аҳолини ваҳима ва саросимага тушмасликка чақириб, ушбу хабарлар ёлғон эканини айтган.
Ўзбекистон ФВВнинг хабар қилишича, ушбу хабарлар ҳақиқатга зид ва бирор асосга эга эмас. Вазирликнинг қўшни давлатдаги ҳамкасбларидан олган маълумотига кўра, Қайроққум сув омбори бус-бутун, унга талафот етгани ва сув босаётгани ҳақида тарқалаётган хабарлар ёлғон.