Қашқадарёда яна бир фуқаро пичоқбозлик қурбони бўлди. Бу ҳақда EVERYDAY.UZ мухбири хабар қилди.
ИИВ Тергов департаментининг маълум қилишича, шу йил 30 январь куни соат 22:00 ларда 22 ёшли Жавоҳир Ю. маст ҳолатда дўсти Адҳам А. билан севгилисининг уйига, Косон тумани “Некўз” МФЙ Тайзан қишлоғига келган. У дўсти билан қизнинг уйига девор ошиб тушган. Шу вақтда ҳовлида кимдир борлигини сезиб қолган қизнинг укаси Бунёд С. ошхона пичоғини олиб уларнинг олдига чиққан. Бу орада Адҳам қочиб кетишга улгурган, Жавоҳир эса ҳовли бурчагида қолиб кетган. Йигит севгилисининг укасига қиз билан гаплашиш ва совчиларни нега қайтариб юборилганини билиш учун келганини айтган. Бунёд эса уни тингламай йигитнинг қорнига пичоқни санчиб олган. Йигитни қизнинг оила аъзолари шифохонага олиб борган. Лекин у оғир тан жароҳати сабабли ҳаётдан кўз юмган.
Ушбу ҳолат юзасидан Бунёдга нисбатан ЖКнинг 104-моддаси 3-қисми “Д” банди (қасддан баданга оғир шикаст етказиш, жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлса) билан жиноят иши қўзғатилган. Бунёд ҳибсга олинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Китоб туманида эркак уҳлаб ётган хотинини пичоқлаб ташлаган эди.