Аввалроқ Янгийўл шаҳридаги 10-сонли умумий ўрта мактабда таълим олувчи 1-синфда ўқувчи қизни номаълум шахс ўғирламоқчи бўлгани ҳақида ёзган эдик.
Маълум бўлишича, қизни олиб кетмоқчи бўлган фуқаро қўлга олинган. У бугун, 4 февраль куни ҳуқуқ тартибот органлари ходимлари томонидан соат 10-00 ларда Оққўрғон тумани марказий тиббиёт бирлашмасига қарашли оилавий поликлиника ҳудудида ушланган ва Қуйичирчиқ тумани ИИБга топширилган. 1983 йилда туғилган фуқаро Х.Т. асли Оққўрғон туманида яшашиш маълум бўлди. У аввал ҳам ЖКнинг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 2-қисми, 164-моддаси (Босқинчилик) 2-қисми билан судланган бўлган. Ҳолат юзасидан суриштирув ишлари давом этмоқда.
Қўшимча қилинишича, қиз ўғирланаётган вақтда уларни темир йўл вокзали олдида кабоб тайёрлаб сотувчи Абдулазиз О. кўриб қолган. Абдулазиз қизчанинг йиғлаётганини кўрган ва шундан сўнг Х.Т. қиз ва сумкани ташлаб қочиб кетган. Абдулазиз эса қизни мактабга олиб бориб, синф раҳбарига топширган. Х.Т. қизга “отанга олиб бораман ва бозордан ширинлик (шоколад) олиб бераман, онанг айтди” деб алдаб олиб кетиб қолган бўлган.