Аввалроқ Тошкент давлат техника университети талабаси ётоқхона деразасидан тушиб кетиши оқибатида ҳалоқ бўлгани ҳақида маълумот берган эдик. Воқеа юзасидан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан қўшимча ахборот берилди.
2019 йил 27 март куни соат 21:30да Тошкент давлат техника университети “Кончилик иши ва металлургия” факультетининг 2-босқич, 2-17 гуруҳ талабаси Ш.У. Зиё маҳалласида жойлашган 63-сон талабалар турар жойининг 609-хонасида очиқ турган дераза ойнасидан 6-қаватдан пастга йиқилиб тушган.
Талаба Тошкент тиббиёт академияси иккинчи клинакасига ётқизилган, шифокорлар томонидан бош мия очиқ жароҳати, калла асос гумбаз суяги синишининг бўлиниб синиши, бош мия пардалари остига, тўқимасига қон қуйилиши, бош мия оғир даражада лат ейиши, чап сон суяги очиқ синиши, ўнг томондан 3, 4 ва 5-қовурғалар синиши, тўш суяги синиши, иккинчи ўпка ёрилиши ташхиси қўйилган.
2019 йилнинг 28 март куни соат 00:44ларда Ш.У. олган жароҳатлари оқибатида шифохонада вафот этган.
Ш.У. (1994 йилда туғилган) табиатан оғир ва босиқ бўлган, ҳеч ким билан ихтилофга бормаган, оиласида ҳеч қандай муаммолари бўлмаган. Ўқишда аъло баҳоларга ўқиган, хулқи намунали, талабалар орасида ҳурматга эга ва ўзининг фаоллиги билан ажралиб турган.
2019 йилнинг 28 март куни “Кончилик иши ва металлургия” факультети декани ва бир гуруҳ профессор-ўқитувчилар талабанинг Паркент туманидаги уйига ташриф буюрди. Суҳбат давомида қизнинг онаси – 1964 йилда туғилган М.А. қизида юрак етишмовчилиги бўлгани, бош мия босимининг ортишидан шикоят қилиб турганини маълум қилган.
Ш.У. устозлари ва курсдошлари ҳамроҳлигида дафн қилинди.
EVERYDAY.UZ таҳририяти марҳуманинг оила аъзоларига чуқур таъзия билдиради.