Қўқонда туғилган уч эгизакнинг отаси Жасурбек Мамадқуловга Президент совғаси сифатида берилган Cobalt автомашинаси иштирокида ЙТҲ содир бўлди.
2018 йил 22 декабрь куни Қўқон шаҳар Шижоат кўчаси 29-уйда яшовчи Жасурбек ва Муслимахон Мамадқуловлар оиласида уч ўғил эгизак дунёга келган эди. Эгизакларга Президент Шавкат Миромонович Мирзиёев шарафига Шавкат, Миромон ва Мирзиё деб исм қўйилганди. Январь ойида уч эгизакнинг ота-онасига Президент совғаси – Cobalt автомашинаси совға қилинганди.
Фарғона вилояти ИИБ ЙҲХБнинг маълум қилишича, Президент совғаси сифатида берилган Cobalt автомашинаси иштирокидаги ЙТҲ 31 март куни соат 11:15 да Қўқон шаҳар Шоҳрухобод кўчасида содир бўлган. Opel автомашинасининг Cobalt билан тўқнашиши натижасида 2 фуқаро – Амударё кўчаси, 80-уйда яшовчи 1974 йилда туғилган Д.Қ. ва Шижоат кўчаси, 29-уйда яшовчи 1962 йилда туғилган Н.А. (эгизакларнинг бувиси) тан жароҳати олган. Жабрланувчиларнинг иккаласи ҳам Cobalt’да бўлган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган суратлардан тахмин қиладиган бўлсак, Cobalt қоидага зид равишда иккинчи ёки учинчи ҳаракатланиш бўлагидан ўнгга бурилмоқчи бўлганида унинг ўнг ён томонидан Opel келиб урган. Фарғона вилояти ИИБ ЙҲХБ ушбу ЙТҲ бўйича маъмурий иш очилганини тасдиқлади, аммо кимга нисбатан маъмурий иш очилганини маълум қилмади.