Аввалроқ Қаршида 20 ёшли талаба қиз ўз жонига қасд қилгани ҳақида ёзган эдик. Қиз ётоқхона биносидан ўзини ерга ташлаган.
«Новости Кашкадарьи»нинг ёзишича, қиз аввал айтилганидек 4 қаватдан эмас, балки 5 қаватдан ўзини ташлаган. Воқеа жойида олинган видеокузатувда у 5 қаватга кўтарилганини ва сўнгра атрофида ҳеч ким қолмагач ўзини деразадан ташлагани акс этган.
Нашрнинг ёзишича, қиз ётоқхонада опаси билан яшаб келган. У ўз жонига қасд қилишига опаси билан тортишувлар сабаб бўлгани таҳмин қилинмоқда. Қизнинг опаси уни йигит билан гаплашишда айблаган ва бу ҳақда ота-онасига айтиб берган. Қиз эса ўз навбатида ҳеч ким билан гаплашмаслигини айтиб, ҳатто ўлимидан олдин телефонини опасига бериб қўйган ва ижтимоий тармоқлардан фойдаланмаган.
Қизнинг танишлари у ҳушчақчақ бўлганини, барча билан тил топишиб кетадиган ва доим кулиб юрадиган қиз бўлганини айтган.