Аввалроқ Тошкент шаҳри Чилонзор туманидаги «Шовотландия» кафеси ёниб кетгани ва ушбу ҳодисада 5 киши ҳалок бўлгани хабар қилинган эди.
Маълум бўлишича, ҳодиса муқаддам судланган 36 ёшли ва 26 ёшли эркаклар томонидан содир этилган. Жиноятни 36 ёшли «Авторитет» номи билан танилган шахс уюштирган. Унинг «Шовотландия» кафеси эгаси билан можароси бўлган. Таъкидланишича, кафе эгаси «Авторитет»дан кўчадаги муаммони ҳал қилиб беришни сўраган. «Авторитет» эса ўз навбатида ушбу хизмат эвазига 1500 долларлик «Iphone» талаб қилган. «Шовотландия» эгаси бунга кўнмаган ва «Авторитет» буни ўзига ҳақорат ва кўчада обрўси тўкилади деб ҳисоблаб, ундан ўч олиш мақсадида кафесини 26 ёшли шериги ёрдамида ёқиб юборган.
Маълум қилинишича, 26 ёшли шерик «Авторитет»нинг кўчадаги ишларини сўзсиз бажариб келган ва ўша қамоқда танишган вақтидан буён уни «босс» дея атаб келган.
Жорий йил 21 декабрь ушбу иш юзасидан суд бўлиб ўтган. Унда икки нафар шахсга умрбод қамоқ жазоси тайинлаш бўйича қарор қабул қилинган.