Ўзбекистон миллий гвардияси ўз фаолиятини тартибга соладиган қонун лойиҳасини умумхалқ муҳокамасига тақдим этди. Бу ҳақда EVERYDAY.UZ мухбири minbar.uz нашри ахборотига таяниб хабар қилди.
Миллий гвардия 2017 йил августида тузилган эди. Жамият ва давлат хавфсизлигини таъминлаш учун салмоқли ваколатлар берилган бу орган ҳозиргача «ёпиқ» ҳужжат асосида ишлаётган эди.
Миллий гвардия қандай ташкилот: у ўз фаолиятини махсус воситалар, шакллар ва услублар билан амалга оширадиган, Ўзбекистон қуролли кучлари таркибига кирувчи, ҳуқуқни муҳофаза қилиш функциясига эга бўлган махсус ваколатли давлат органидир.
Миллий гвардия нега керак: Миллий гвардия жамият ва давлат хавфсизлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариш, аҳолини турли ички таҳдидлардан, жиноий ва бошқа ноқонуний хатти-ҳаракатлардан ҳимоя қилиш, шунингдек давлат аҳамиятига эга махсус вазифаларни бажаради.
Миллий гвардия фаолиятининг асосий йўналишлари:
жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш;
давлат аҳамиятига эга махсус вазифаларни бажариш, шу жумладан жамоат тартибини, жисмоний ва юридик шахсларнинг хавфсизлигини жиноий тажовузлардан ҳимоя қилиш, қуролланган жиноятчилар ҳамда террорчилик гуруҳларини қўлга олиш ва йўқ қилиш, тезкор-қидирув ва бошқа махсус тадбирларни жанговар таъминлаш;
қўриқлаш фаолияти соҳасида рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни бериш, давлат, ўта муҳим, тоифаланган ва бошқа объектларни, жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкини қўриқлашни ташкиллаштириш ва таъминлаш соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш, шунингдек давлат қўриқлаш органлари фаолиятини назорат қилиш;
фуқаровий ва хизмат қуроллари ҳамда улар ўқ-дориларининг муомалада бўлиши соҳасини назорат қилиш;
фуқаровий ва хизмат қуроллари муомаласи соҳасида лицензиялаш ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни бериш, шунингдек лицензия ва рухсат этишга оид талабларга ҳамда шартларга риоя этилишини назорат қилиш;
қонунчиликка мувофиқ жиноят ишлари бўйича терговга қадар текширув ва суриштирувни ўтказиш, маъмурий ҳуқуқбузарликларга доир ишларни юритиш, тезкор-қидирув тадбирларини амалга ошириш;
Миллий гвардия кадрларини танлаш ва жой-жойига қўйиш, тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини ошириш тизимини, шунингдек ҳарбий хизматчилари ва ходимларини ҳуқуқий ҳамда ижтимоий ҳимоя қилишни ташкил қилиш;
расмий учрашувларда ва чет давлатлар расмий вакиллари, хорижий делегацияларни кузатишда, шунингдек Ўзбекистон президенти иштирокида ўтказиладиган юқори даражадаги байрам ва тантанали маросимларда расмий тантанали тадбирларни ўтказиш;
жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш, шу жумладан оммавий тадбирларни ўтказишда ва аҳоли гавжум бўладиган жойларда давлат органларига бевосита кўмаклашиш;
қўриқланадиган шахслар хавфсизлигини таъминлашда, шу жумладан фавқулодда вазиятлар шароитида, алоҳида даврларда ҳуқуқий режимни таъминлаш ва террорчиликка қарши операциялар ўтказишда иштирок этиш;
Қуролли кучларнинг жанговар қўллаш режаларига мувофиқ Ўзбекистоннинг ҳудудий мудофаасида, шунингдек, террорчилик ҳаракатлари ва табиий ҳамда техноген хусусиятга эга фавқулодда вазиятларнинг оқибатларини бартараф этишда иштирок этиш;
Ўзбекистон президентининг қарорлари билан юклатилиши мумкин бўлган бошқа вазифаларни бажариш.
Миллий гвардия бевосита Ўзбекистон президентига бўйсунади, унга президент тайинлайдиган, вазирга тенглаштирилган қўмондон раҳбарлик қилади.
Ҳужжатда Миллий гвардиянинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари батафсил белгиланган.
Миллий гвардиячилар томонидан жисмоний куч ишлатиш, махсус куч ва воситаларни, ўқотар қуролни қўллаш, улар томонидан ташкилотлар ва фуқароларнинг транспортларидан фойдаланиш тартиби кўрсатилган.
Ҳужжатда айтилишича, миллий гвардиячилар Олий Мажлиснинг сенатори, Қонунчилик палатаси депутати, маҳаллий кенгаш депутати бўлиши мумкин экан. Улар Ўзбекистон қуролли кучларига, ДХХ, ИИВ, ФВВ, божхона қўшинлари ва органларига ишга ўтказилиши мумкин.
Миллий гвардиячилар ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги, шунингдек хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажармагани учун қонунчиликка мувофиқ жавобгар бўлади.
Миллий гвардиячиларнинг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги туфайли жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарни Миллий гвардия қоплайди, ушбу сумма кейинчалик айбдор шахсдан ундириб олинади.