Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Сенатнинг 20-ялпи мажлисида Бош вазир ўринбосарлари ишидан қониқмаётганини маълум қилди, деб хабар берди «Дарё».
«Бир куни мактаб директори бўлиб ишлайдиган аёл билан гаплашиб қолдим. Мактабингизда нечта вакант бор деб сўрадим. Шунча, деди. Бирор марта бир неча кимё, физика, математика ўқитувчилари орасидан энг яхшисини танлаб олганмисиз мактабингиз учун, деб сўрадим. Йўқ, дейди. Битта одам келса, хурсанд бўлиб оламан, чунки кадр йўқ, дейди.
Таълим тизимида муаммолар кўп. Миллий университетга 27 йилдан бери бирорта янги жиҳоз, ускуна олиб бермабмиз. Шунинг учун яхши, малакали кадрлар етишиб чиқмаяпти. Биз университетларни саёзроқ таҳлил қилганимизда шунча кўп муаммо юзага чиқди, ҳали чуқур таҳлил қилганимиз йўқ.
Мен нима учун Россия университетларини Ўзбекистонга олиб келяпман, уларда методика бор, уларда олимлар бор.
Вазият жудаям оғир. Мавжуд муаммоларни ҳал қилиш учун узоқ йиллар талаб қилинади»,— дейди президент.
Шунингдек, Шавкат Мирзиёев ушбу масалаларни ҳал қилишда Бош вазир ўринбосарлари жонбозлик кўрсатмаётганини айтиб ўтди:
«Бош вазир ўринбосарлари ҳаммаси ғўддайиб юради, бир тийинга қиммат. 14 йилдан бери мен уларнинг нима қилиб юрганини жуда яхши биламан. Бош вазир бир ўзи ҳаракат қиляпти, жамоаси эса ижтимоий масалалар бўйича аравасини торта олмаяпти».