Аҳолини қийнаб келаётган муаммоларини тезкорлик билан ҳал қилиш, жойлардаги давлат органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари аҳоли билан бевосита мулоқот қилиш, фуқаролар билан ишлашга ўтиш, уларнинг халққа, жумладан тадбиркорлик субъектларига яқин кўмакчи бўлишини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистион Республикаси Президентининг аҳоли мурожаатлари билан ишлаш йўналишидаги қатор Қарор ва Фармонлари талабларидан келиб чиққан ҳолда Бухоро вилоятида 2019 йилнинг 6 ойи давомида оммавий сайёр қабуллар ўтказиш йўналишида тизимли ишлар амалга оширилди.
Жумладан, жорий йилнинг 6 ойи давомида Бухоро вилоятининг Бухоро, Вобкент, Ғиждувон, Жондор, Когон, Қоракўл, Қоровулбозор, Олот, Пешкў, Ромитан, Шофиркон туманлари ҳамда Бухоро ва Когон шаҳарларида Бош прокуратура, Олий суд, Адлия, Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш ва Ички ишлар вазирликлари, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри бўйича Давлат қўмитаси, “Ўзтрансгаз” АЖ , Мажбурий ижро бюроси ҳамда Марказий банк масъул раҳбарлари, шунингдек, ҳудудий сектор раҳбарлари иштирокида оммавий сайёр қабуллар ташкил этилди.
Оммавий сайёр қабулларда меҳнат ва аҳоли бандлиги масалаларига оид 1036 та, газ, электр ва сув таъминотини яхшилаш 854 та, уй жой, ер билан таъминлаш 823 та, соғлиқни сақлаш 678 та, йўл қурилиши 578 та, коммунал тўловлар билан боғлиқ 565 та, моддий ёрдам, нафақа олиш масаласида 512 та, давлат хизматларига таалуқли масалалар бўйича 478 та, суд масалаларига оид 456 та, кредит олиш 425 та, ички ишлар органлари фаолияти билан боғлиқ 326 та, қурилиш соҳасига оид 296 та, жами 9295 та муаммоли масала Республика идора ва ташкилотлари, вилоят, туман ва шаҳар сектор раҳбарлари билан биргаликда бирма-бир ўрганилди, имкон борича жойида ҳал қилиш чоралари кўрилди.
Жумладан, 5159 та мурожаат қабуллар жараёнида жойида ҳал қилинган ёки ҳуқуқий маслаҳат ва маълумот бериш орқали ҳал қилинган бўлса, 4136 та (44.49%) масала Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуни талаби кўра тегишлилиги бўйича ҳудудий ёки республика даражасидаги ташкилот ва идораларга йўналтирилди ва назоратга олинди.
Чекка ва олис қишлоқ аҳолисининг ҳам долзарб муаммоларини инобатга олган ҳолда сайёр қабуллар ҳақида фуқароларни олдиндан огоҳлантирди. Хусусан, шу тартибда вилоят сектор раҳбарларининг 51 марта, туман ва шаҳар сектор раҳбарларининг 605 марта оммавий сайёр қабуллари ўтказилиши таъминди. Биргина вилоят ҳокими (Ў.И.Барноев), 1-сектор раҳбари қабулида бўлган 1139 нафар фуқаронинг 706 нафарини (61.98%) мурожаати ижобий ҳал этилди.
Сайёр қабуллар самарадорлигини ошириш, энг кўп келиб тушаётган муаммоларни иложи борича жойида ҳал қилиш, хусусан, аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш, ишсизлик сонини камайтириш, ҳар бир оиланинг даромадини ошириш мақсадида турли ишлаб чиқарувчилар, сотувчилар ҳамда тижорат банклари жалб қилиниб “Ҳар бир оила – тадбиркор” давлат дастури ижроси бўйича сайёр қабуллар билан бирга савдо-кўргазмали мини технологиялар ярмаркалари ташкил этилди. Ярмаркаларда 50 дан ортиқ таъминотчи корхоналар ҳар хил турдаги, жумладан, тикув машиналари, паррандачилик, асаларичилик, сантехника жиҳозлари, мотокультиваторлар, пайвандлаш аппаратлари, ҳунармандчилик, темирчилик, дурадгорлик учун зарур бўлган асбоб -ускуналар, вилоятимизда ишлаб чиқарилган “Лочин” юк мотоцикллари ва бошқа техникаларни намойиш этиш билан бирга, аҳолига қулай тартибларда таклиф ҳам этишди. Бу каби ижобий тажриба ўзининг самарасини берганлиги сабабли, меҳнат ярмаркаларини ўтказиш сайёр қабулларнинг ажралмас қисмига айланиб қолди.
Бундан ташқари соғлиқни сақлаш, бандлик, моддий ёрдам ва нафақалар тайинлаш, кредит олишда кўмаклашиш, ер участка, уй-жой, транспорт, йўл инфратузилмаси, газ балонлари, сув етказиб бериш билан боғлиқ кўплаб масалалар ҳам жойида ҳал қилинган. Қўшимча маблағ ва вақт талаб қилувчи масалалар, туман, вилоят ёки республика “йўл харита”ларига киритилган.