Давлат раҳбари йиғилишда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида сусткашликка йўл қўйган ҳудудлар ҳақида гапирди. Таъкидланишича, Избоскан, Улуғнор, Арнасой, Пахтакор, Наманган, Уйчи, Деҳқонобод, Паст Дарғом, Оқолтин, Мирзаобод, Пайариқ, Бўстонлиқ, Чиноз, Янгиҳаёт, Юнусобод туманларида бу бўйича камчиликлар кузатилган. Хусусан, Юнусободда куз мавсумида 20 мингдан зиёд дарахт кўчатлари экиш режаси 43 фоизга бажарилган.
Қўлидан келади-ку, бу инвестиция олиб келиш эмас-ку. Салгина ўзини қийнаб ҳисоб-китоб қилиб одамларни сафарбар қилиб, эрта туриб кеч ётиш керак эди. Шуни ҳам қилмади. Шунинг учун Юнусободни (Юнусобод туманининг собиқ ҳокими Жаҳонгир Иброҳимов – таҳр.) ишдан олдик. Икки карра дарахт экиб, ҳақиқий тизим яратса ишда қолдирамиз, бўлмаса ишдан оламан, – дейди Президент.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ давлат раҳбари туманга инвестиция олиб келмаган ҳокимларни кескин танқид қилган эди. Ўшанда Президент айрим ҳудудларда инвестицияни янада кўпайтириш мумкинлигини айтган эди.
Маълумот ўрнида, Юнусобод ҳокими Жаҳонгир Иброҳимов ишдан олиниб, ўрнига Боҳадир Абдувалиев тайинланган эди.