Машҳур хонанда Жаҳонгир Отажонов қўшиғига клип ишлаган режиссерни плагиатда ва нопрофессионалликда айблади. Бу ҳақда EVERYDAY.UZ мухбири хабар қилди.
Отажонов режиссер Хабибулла Набиевга мурожаат қилиб, видео йўллади. Хонанда режиссер 9 ой давомида “Ўйнасин” қўшиғига клип суратга олиш жараёнини чўзиб юрганини маълум қилди. Клип суратга олиниб, оммага тақдим қилингандан сўнг эса хонанданинг муҳлислари унда плагиатни пайқаб қолди. Маълум бўлишича, режиссер украиналик хонанда Макс Барскийнинг Берега қўшиғига олинган клипдан айрим эпизодларни ўғирлаган.
Отажонов Барскийнинг ижоди билан таниш эмаслигини айтиб, режиссер плагиат билан шуғулланишини билмаслигини билдирган. Хонанда клипни ўчириб юбориш ва Набиев билан бошқа ишламаслигини таъкидлаган. Таъкидлаш жоиз, Отажонов ушбу клипда Жокер образида гавдаланган.