Сариқ гулсафсарнинг доривор хусусиятлари ҳақида биласизми?

Сариқ гулсафсарнинг доривор хусусиятлари ҳақида биласизми?
У юздаги сепкилни тозалашда, жароҳатларда, ўпка ва аёллар касалликларини даволашда кенг ишлатилади

Сариқ гулсафсар (Iris pseudacorus) - доривор, бўёқбоп, асал ширали, териларни ошлашда кенг фойдаланиладиган ўсимлик ҳисобланади. Илдизпояси таркибида эфир мойи, гликозидлар, ошловчи моддалар, органик кислоталар мавжуд. Халқ табобатида ўпка яллиғланиши, талоқ, бодомча без яллиғланиши, аёллар гинекологик касалликлари, жароҳат ва йирингли яраларни даволашда, сепкилни йўқотишда, тиш милки яллиғланганда, тиш оғриғини босишда ишлатилади ва тонусни оширувчи восита сифатида ҳам фойдаланилади. Бундан ташқари, парфюмерия саноатида ҳам кенг қўлланилади. Унинг янги йиғилган илдизпояси халқ табобатида, гомеопатияда ишлатилади. Iris pseudacorus илдизпояси Здренко йиғмаси таркибига киради ва сийдик пуфаги касалликлари, ошқозон яраси ва яллиғланишида фойдаланилади.

Сариқ гулсафсар баргининг таркибида 80-90 миллиграммдан 140 миллиграммгача С витамини бўлиши аниқланган. Гулининг таркибида эса ошловчи моддалар, пирогаллол ва виолаксантин мавжуд. Халқ табобатида илдизпоясининг қайнатмаси буриштирувчи, тонусни оширувчи, яллиғланишга қарши, сийдик ҳайдовчи восита сифатида ишлатилади. Эпилепсияни даволаш мумкинлиги ҳақида ҳам маълумотлар келтирилган. Бош оғриғини, тиш оғриғини босишда, ич сурги воситаси сифатида, ўткир респиратор инфекцияларда, диатезда, соч ўсишини яхшилашда ишлатилади. Аёллар маълум бир касалликларида ҳам даво воситаси сифатида қўлланилади. Бундан ташқари, оғиз бўшлиғининг яллиғланиш ҳолатларида ишлатиш мумкинлиги тўғрисида ҳам маълумотлар келтирилган. Илдизпоясининг майдаланган кукуни сепма дори таркибига киради.

Сариқ гулсафсар баргини буғлаб, компресс сифатида тўғри ичак яраси касаллигида ишлатиш ҳам фойдали. М. Козиренко ва бошқаларнинг маълумотига кўра, сариқ гулсафсарнинг ер устки қисмидан вирусга қарши биологик фаол модда олишда хомашё сифатида фойдаланилади. Унинг илдизпояси Болгарияда қандли диабет касаллигини даволашда кенг қўлланилади, парфюмерия саноатида олий навли парфюмерия маҳсулотларини олишда, тиш пастаси ва порошоги тайёрлашда фойдаланилади. Еростки қисми, барги ва гули бактерияларга қарши фаолликни намоён этади, еростки қисми ва гули териларни ошлашда, тери, жун матоларни, қоғозларни сариқ рангга бўяшда ишлатилади. Уруғидан кофе суррогати сифатида фойдаланилади. Бундан ташқари, илдизпояси ва гули қуритилмаган ҳолатда бирмунча заҳарли бўлиши мумкинлиги ҳам қайд қилинган .

Абу Али ибн Синонинг маълумотига кўра, гулсафсарнинг сояда қуритилган илдизпояси сепкил ва қонталашларни йўқотади, қайнатмаси шишларни, безларни, тошмаларни кетказади, уйқуни яхшилаб, бош оғриғига яхши фойда қилади, йирингли яраларни битказади, биқин ва зотилжамдаги оғриқларни босади. Йўтал, нафас олиш органлари касалликларини даво-лашда, жигар ва талоқ касалликларида оғриқни босишда, иситмани туширишда ишлатилади.

Д.С. Ивашин ва бошқаларнинг маълумотига кўра, табобатда Iris pseudacorus нинг илдизпояси ишлатилади. Бу ўсимлик Украинанинг Карпат ва Қрим ҳудудидан ташқари, деярли ҳамма ҳудудларида тарқалган. Полесьеда, Днепр, Жанубий Буг дарёлари ҳавзасида кенг тарқалган. Унинг хомашёси тайёрланадиган ҳудудлар Воллин, Ровен, Житомир ва Харьков вилоятлари ҳисобланади. Унинг хомашё заҳираси ниҳоятда кўп бўлиб, ҳар йили бир неча тонналаб йиғиш мумкин. Кейинги вақтларда ботқоқларни ўзлаштириш улар заҳирасининг камайишига олиб келмоқда. Илдизпояси таркибида эфир мойи, ошловчи моддалар, иридин гликозиди ва органик кислоталар мавжуд бўлиб, табобатда “бинафша илдизи” номи билан балғам кўчирувчи, сийдик ҳайдовчи дори сифатида ва ошқозон - ичак, талоқ, ўпка касалликлари, ангинада, йирингли яраларни даволашда, сепкилларни йўқотишда фойдаланилади. Бунинг учун майдаланган илдизпоясидан 2-4 ош қошиқ ширасини 700 грамм сут зардобида аралаштириб, 100 мл дан кун давомида бир неча марта ичилади. Бир қошиқ қуритилган илдизпоясини 0,5 литр оқ винога солиб, настойка тайёрланади ёки 15-30 грамм илдизпояни 150 грамм қайнаган сувда дамлаб, 1-2 қошиқдан кунига 3 маҳал ичилади.

Ўхшаш янгиликлар

Янгиликка фикр ёзиш чоп этилган кундан 30 кун ичида мумкин.

Сўнгги янгиликлар

Ўзбекистон ва Тожикистон: Ўзаро ишонч, абадий дўстлик, иқтисодий ҳамкор мамлакатлар...

Ҳудуди 143 минг 100 квадрат километрга чўзилган, салкам 10 миллион аҳоли истиқомат қиладиган Тожикистон Ўзбекистоннинг стратегик шериги ва...
18-04-2024, 15:20

Самарқанд давлат университети тожикистонлик меҳмонларда катта таассурот қолдирди…

Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон-Тожикистон ректорлари форуми иштирокчилари Самарқандга ташриф буюрди. Тожикистон Республикаси Таълим ва...
18-04-2024, 09:41

“Болаларимиз яхши яшаши учун ҳам бугун биз уларни ўқитишимиз даркор”…

Самарқанд давлат университети филология, тарих, математика, география ва экология, интеллектуал тизимлар ва компьютер технологиялари...
8-04-2024, 09:46

“Жамиятга билимли болаларни берган ота-она шарафли инсонга айланади”…

Самарқанд давлат университетида Муҳандислик физикаси институти, филология, тарих, математика, география ва экология, интеллектуал тизимлар...
4-04-2024, 09:50

Табрик!

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ректори A.Ш. Бекмуродовга! Ҳурматли Адҳам Шарипович! Сизни...
31-03-2024, 23:41
Ўзбекистон янгиликлари » Жамият » Сариқ гулсафсарнинг доривор хусусиятлари ҳақида биласизми?