МАГИСТРАТУРА ТАЪЛИМИ

МАГИСТРАТУРА ТАЪЛИМИ
давлат бошқаруви кадрларининг пойдеворидир...

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан таълим тизимида ўтказилаётган ислоҳотлар миллат ва мамлакат тақдирида муҳим ўрин тутмоқда. Мазкур жараёнлар бугунги кунга келиб, ўзининг ижобий натижаларини бера бошлади. Навбатдаги вазифа тайёрланаётган мутахассислар сифатини амалдаги иқтисодий талабларга мувофиқлигини таъминлашдан иборат.

Ислоҳотларимиз муваффақияти, давлат хизматлари ходимлари сифати мактаб таълимига боғлиқ эканлигини унутмаган ҳолда, соҳада сақланиб келаётган муаммоларни бартараф этиш чора-тадбирларини кўриш зарур.

Халқ таълими тизимидаги муаммоларнинг ечими, муайян даражада педагогик кадрлар тайёрлашга, ихтисослашган олий таълим муассасалари фаолиятига боғлиқ. Бунинг бош нуқтаси олий таълимнинг магистратура босқичидир.

Бўлғуси мактаб ўқитувчисининг билим даражаси ва савияси биринчи навбатда магистратура битирувчисининг сифат кўрсаткичларига бориб тақалади. Чунки уларнинг бир қисми педагогик олий таълим муассасининг ўқитувчиси бўлиб қолади. Бу, бир қарашда кўзга ташланмаса-да лекин кўплаб муаммоларнинг асосий сабабларидан биридир. Афсуски, бунга кейинги 25 йилдан буён жиддий эътибор берилмай келинмоқда. Аслида занглаган қулфнинг калити айнан шудир.

Тўғри, магистрлар тайёрлаш мақомига жуда зарур ўзгартиришлар киритилди. Тор ихтисослашувдан муайян даражада воз кечилди. Бу йилдан қабулда чет тили сертификати мавжудлиги талаб этилмоқда. Ихтисослик фанларидан синов бўлиши, бакалавр дипломидаги натижалар ҳисобга олиниши инсон омилини бекор қилиб, бевосита адолатни таъминлайди. Бу, муболағасиз, инқилобий ислоҳотдир. Бундай тартиб, олий таълимнинг бакалавр босқичида, жорий имтиҳонлар ҳаққонийлигини таъминлайди. Таълим сифатини кўтаришга жиддий таъсир қилади. Мактаб ўқувчилари ва талабаларнинг чет тилини ўрганишга муносабатини ўзгартиради.

Аммо битта лекини бор. Магистратурани юқори самарали, ҳақиқатда мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий тизимини етарли даражада олий сифатли мутахассислар билан таъминлаш, илмий-педагогик соҳани кадрлар захирасини тўлдириб бориш учун юқоридаги, шубҳасиз муҳим бўлган чора-тадбирларнинг ўзи етарли эмас, деб ҳисоблайман.
Магистрлик даражасининг меҳнат мақоми жозибадорлиги қонун билан таъминланмаса, рақобат муҳити шаклланмайди ва кутилган самарани бермайди.

Магистратура таълимининг даврга ва бизнинг муайян муаммоларимизга муносиб моделини қабул қилмасдан туриб, таълим-тарбиянинг барча босқичларида қўйилган мақсадга эришиш мушкул. Бу аксиома эмас, балки ҳақиқат. Шу ўринда, таҳлилни таълим тизими ислоҳотларининг яқин тарихидан бошламоқчиман.

Ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари охирига келиб, олий таълимнинг беш йиллик тизимидан икки босқичли бакалавр, магистр тизимига ўтилди. Бундан кўзланган мақсад бакалаврлар ўзининг малакаси билан анъанавий беш йиллик таълим мутахассисларининг ўрнини босади, магистрлар олий таълим муассасаларидаги илмий-педагог кадрлар сафини тўлдириш эди. Афсуски, ўтган давр бизнинг бу умидларимизни пучга чиқарди.
Дарҳақиқат, мактаб битирувчисининг ҳозирги билими негизида, олий таълим муассасаларида тўрт йилда юқори малакали мутахассис тайёрлаш мураккаб масала.

Бакалавр, бу муддат ичида фақат умумий маълумотларнигина ўзлаштиради. Лекин ҳозирги замон илм-фани эришаётган ютуқлар нуқтаи назаридан қараганда бундай қисқа муддат ичида, мутахассис эгаллаши лозим бўлган, билим ва компетенцияларни ўзлаштириш амри маҳол.
Бизда, бакалаврлар, меҳнат бозорининг асосий қисмини ташкил қилаётганлигини ҳисобга олсак, уларни қисқартирилган таълим дастурлари асосида тайёрлаш жиддий ихтисослашувларсиз амалга оширилаётганлигини кўрамиз. Бундай мутахассислар тўлақонли бўлиши учун тегишли, мос, иқтисодиёт тизимлари шаклланиб, ривожланган ва ўз малака ошириш тузилмаларига эга бўлиши керак. Ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг ҳали зарурий меъёрига тўлақонли етказилмаганлиги шароитида ва иқтисодий тузилмаларда ёш мутахассисларнинг амалий кўникмаларини таъминлайдиган имкониятнинг чегараланганлиги ҳам бунга салбий таъсир этмоқда.
Кўп босқичли олий таълим тизими ривожланган мамлакатларда, талаба ҳақиқий профессионал билимни магистратура босқичида ёки иш берувчилар малака ошириш тузилмасида эгаллайди.

Чет эл тажрибалари яна шуни кўрсатмоқдаки, бакалаврлар ўқишни тугатиб, ишлашлари учун, аксарият ҳолларда, улар тегишли касб бўйича сертификат олишлари лозим. Улар мактабда ўқитувчилик қилишлари учун қўшимча, жиддий педагогик тайёргарликдан ўтишлари керак.
Буюк Британияда талабгор мактаб ўқитувчиси ҳуқуқига эга бўлиш учун дастлаб, фаннинг қайсидир соҳаси бўйича университетда бакалавр даражасини олади. Шундан сўнг махсус тайёрлов курсини ўтайди ва малакали ўқитувчи макомини тасдиқловчи махсус сертификатни қўлга киритади. Кейин педагогик фаолият билан шуғулланади.

Францияда ҳам ўқитувчилар тайёрлаш тизими тахминан ана шундай. Олий таълимнинг икки босқичли тизими амал қиладиган мамлакатларда профессионал малака тўғрисидаги ҳужжатлар тартибга кўра, талабгорнинг ўқишни тугатиб, ихтисослиги бўйича маълум муддат иш тажрибасига эга бўлганидан сўнг тегишли профессионал жамиятлар томонидан берилади. Аксарият ривожланган мамлакатларда мактаб ўқитувчисидан магистрлик даражаси талаб қилинади.

Тарихан, АҚШ ва бошқа мамлакатларнинг, олий таълимнинг икки босқичли тизимига ўтиши, ўша замоннинг маълум талаблари ва шаклланган имкониятлари асосида амалга ошган. Ижтимоий-иқтисодий соҳалар юқори малакали олий маълумотли мутахассислар билан етарли даражада тўйинган шароитда, жамиятда олий маълумотга эга бўлишга талаб ва қизиқиш юқорилиги сақланган. Вужудга келган бундай талабни қондириш ва чекланган малака талаб этадиган вазифаларни бажарувчи мутахассислар билан меҳнат бозорини тўлдириб бориш учун олий таълимнинг нисбатан қисқа ва оддий, биринчи босқичи – оммавий тарзда мутахассислар тайёрловчи, бакалавриат тизими киритилган.

Аслида, таълимнинг бакалавр даражаси, муайян таълим йўналиши бўйича, кенг оммага академик олий таълим бериш мақсадида ташкил этилган. Чуқур касбий маҳоратни олий таълимнинг кейинги босқичи бўлмиш магистратура бериши кўзда тутилган. Шу асосда, ижтимоий-иқтисодий инфратузилмалардаги етакчи масалаларни ҳал этиш, тегишли соҳаларни чуқур ва ҳар тарафлама кенг ўрганган магистрлар зиммасига юклатилган.

Магистратурани тугатганлар сони ҳам бу талабларга мос келган. Вақт ўтиши билан бакалаврлар ва магистрлар тайёрлаш нисбати бакалаврлар тайёрлаш ҳисобига ўсиб борган.

Дунёда, бир босқичли олий таълим тизимидан икки босқичлига ўтган мамлакатлар тажрибаси шуни кўрсатадики, фақат тўғри, мамлакат иқтисодиётининг муайян босқичдаги ҳолати ва талабига қатъий мос келувчи магистратура моделигина, олий таълимда икки босқичли тизимнинг қабул қилинишини оқлайди. Акс ҳолда, икки босқичли тизимга ўтиш, ундан кутиладиган ижобий самара, соҳадаги жиддий йўқотишларга олиб келади.

Жаҳон глобаллашув жараёнининг, олий таълимдаги ҳосиласи бўлмиш, икки босқичли таълим тизимини қабул қилишимиз муқаррарлигини ҳисобга олсак, магистратура босқичи албатта бўлиши керак. Масала, мамлакат ривожланишининг ушбу босқичида магистратуранинг қайси модели самарали эканлигида. Бу ҳақда биз ўтган йилларда жуда кўп фикр-мулоҳаза ва таклифларни илгари сурганмиз.

1997-1998 йилларда Ўзбекистонда амалдаги магистратура тизимининг киритилишидаги концептуал хато шундан иборатки, ўшанда магистратура – асосан олий таълим муассасалари ва илмий тадқиқот институтларининг захира кадрларини тайёрлайди деган ғоянинг қабул қилинишидир.
Менинг назаримда, 1998 йил магистратуранинг ҳозирги, ҳаракатдаги концепциясининг қабул қилиниши учун у асосан ҳозирча сақланган, бакалаврларнинг бошқача сифат даражаси, тегишли таълим сифати маданияти, жамиятнинг олий малакали мутахассислар билан тўйинганлик даражаси, мактабнинг фаолият сифати анча юқорироқ бўлиши керак эди. Бу омиллардан ҳатто бирортасининг ҳам бўлмаслиги, олий таълимни икки босқичлига ўтилишининг мақсадга мувофиқлигини мураккаблаштириши аниқ. Шундай бўлди ҳам.

Олий малакали мутахассисларнинг мутлақо етишмовчилиги, иқтисодий ислоҳотларнинг тугалланмаганлиги ва олий таълим муассасалари битирувчилари сифатини баҳолай олишга қодир замонавий иш берувчилар етарли даражада шаклланмаганлиги шароитида бундан ортиғини кутиб бўлмайди. Демак Ўзбекистонда ўтиш даврида, магистратура, олий таълимнинг кейинги селекцион босқичи бўлиши керак холос.
Айни пайтда ва яқин келажакда бизга бакалавриатура битирувчиларидан жиддий саралаш натижасида шакллантирилган ва 1-2 йил ичида, касб фанларни чуқур амалий ёндашиш асосида ўзлаштирган, анъанавий атама билан айтганда, халқ хўжалигининг тегишли соҳаларида фаол ва инновацион хизмат килиш савиясига қодир магистрлар зарур. Улардан, ижодий фаолият билан шуғулланиш қобилиятини намоён қилган магистратура битирувчиларининг айримлари, ўқишни докторантурада давом эттиришлари ёки стажёр-тадқиқотчи мақомига ўтишлари мумкин бўлади.

Ўтган давр шуни кўрсатдики, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг кадрларга бўлган талабини бакалаврларгина қаноатлантира олмайди. Айниқса, иқтисодиётни шакллантирувчи таълим йўналишлари – муҳандислик, машинасозлик, қайта ишлаш, қишлоқ хўжалиги ва бошқалар.
Президентимиз давлат хизматлари ходимларининг мақоми ҳақидаги қонуннинг қабул қилиниши муносабати билан мутассади раҳбарлар олдида турган вазифаларга бағишланган йиғилишда бошқарув тизимидаги ходимлар профессионаллиги ва ташкилий қобилиятларини оширишга қаратилган вазифаларга ҳам тўхталди. Бу муаммолар ечимининг калити ҳам асосан мамлакатнинг самарали магистратура таълимига боғлиқ.

Бутун дунёда, селекцион олий таълим тизими соҳибларигина давлат бошқарувида хизмат қилади. Бизда бу тушунча ҳали шаклланмаган ҳам. Бусиз давлат хизматчиларининг савияси ва сифатини нуқул малака ошириш билан кўтариб бўлмайди. Шу билан бирга олий таълимнинг магистрлик босқичи жозибадорлигини таъминлайдиган чоралар ҳам кўрилмаган. Магистратуранинг жозибадорлигини ошириш, унга керакли даражадаги танлов имкониятини яратиш ҳақиқий селекцияга йўл очади. Натижада, ривожланган мамлакатлардагидек, чет тилини биладиган, етук бошқарув кадрлар тайёрланади. Бунга бакалавр битирувчиларининг тахминан 30-40 фоизини магистратурага саралаб олиш эвазига эришилади. Пировардида, мамлакатнинг барча соҳалари юқори малакали мутахассислар билан шакллана бошлайди. Шунингдек, давлат бошқарувига танлаш имконияти пайдо бўлади. Бошқарув кадрларининг ҳозирги ҳолати негизида айни шу муаммо, мамлакатнинг икки босқичли олий таълимга ўтиш моделининг самарали якунига етказилмаганлигидир.

Мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бугунги босқичида, асосий мақсад, истеъмолчиларнинг, ўз касбий сирларини чуқур ўзлаштирган мутахассисларга бўлган талабини қондиришдан иборатдир. Умумкасбий маълумотгагина эга бакалаврлардан ўтиб, умуммиллий маълумотга эга магистр мутахассисларимиз билан истеъмолчилар талаб-эҳтиёжини қондира олмаймиз. Натижада, истеъмолчиларнинг асосий қисми ҳақиқий олий маълумотли мутахассисларсиз қолишмокда. Магистратурамизнинг бугунги асосий мақсади, мутахассислик фанларини чуқур амалий ёндошув билан ўзлаштирган мутахассислар тайёрлашдан иборатдир.

Ижтимоий-иқтисодий тизимларимиздаги юқори малакали мутахассисларга бўлган ҳозирги талабни тегишлича таълим олган магистрларгина қониқтира олади. Кейинги даврларда, йиллар оша, мактабгача таълим, мактаб ва уларнинг негизига таянган бакалавр олий таълим тури ўзгача тўйинганлик мазмун ва сифат даражасига етгач ва истеъмолчилар бозори зарурий олий сифатли мутахассислар билан муайян даражада таъминлангандан кейин, меҳнат бозорида бакалаврлар, балки мутахассисларнинг асосий қисмига айланиб, магистратура, балким илмий-ижодий малака берадиган олий таълим бўлиб қолади.

Магистр ва бакалавр дипломи соҳибларининг меҳнат мақомини ҳам тегишли қонунлар билан белгилаб олиш жуда зарур. Олий таълим босқичлари диплом соҳиблари меҳнат мақомини қабул қилиш ва унга риоя қилиш, магистратурага танлов даражасини жиддий кўтариб, пировардида магистр-мутахассислар сифатини ошириш гарови бўлади.

Хулоса қилиб айтганда, ушбу давр магистратура моделининг асосий мақсади ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар талабларини қониқтирадиган юқори малакали мутахассислар тайёрлашдан иборат бўлиши керак.

Магистратура таълим моделини таҳрир қилиш, муболағасиз, нафақат истиқболимиз пойдеворини таъминлайдиган олий таълим сифатини белгилайди, балки ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларимизнинг келажак ўн йиллардаги тақдирини ҳам ҳал этади.

Президентимизнинг, юқорида зикр килинган мажлисида иштирок этар эканман, илгарилари ҳам кўп бора кўтарган, мазкур масала ҳақидаги мулоҳазаларимни ўртага ташладим.

Ҳақиқат баҳсларда туғилади. Ҳамкасбларимни, соҳа ходимларини, халқаро тажрибага эга олимларимизни баҳс-мунозарага чорламоқчиман. Балки улардан бундан ҳам яхшироқ, жўялироқ фикрлар чиқар. Мақсад битта. Кимнидир айблашдан йироқман. Балки мазкур соҳани ривожлантириш мамлакатимиз тараққиётига ҳисса қўшиш...

Рустам ХОЛМУРОДОВ,
Шароф Рашидов номидаги
Самарқанд давлат университети ректори, профессор,
Олий Мажлис Сенати аъзоси.

Ўхшаш янгиликлар

Янгиликка фикр ёзиш чоп этилган кундан 30 кун ичида мумкин.

Сўнгги янгиликлар

Shimoliy poytaxt Oʻzbekistonlik sayyohlarni tashrif buyurishga taklif qiladi

Sankt-Peterburg dunyodagi eng goʻzal shaharlardan biri boʻlib, u oʻz mehmonlariga qiziqarli vaqt oʻtkazish uchun koʻplab variantlarni...
12-11-2024, 15:42

Дональд Трамп муҳожирларни депортация қилиш қарорига изоҳ берди

АҚШда президентлик сайловларида ғалаба қозонган Дональд Трамп сайловолди кампаниясидаги оммавий депортация ҳақидаги ваъдасини бажаришдан...
12-11-2024, 15:30

Trillion qulaylik imkoniyatlari: har bir foydalanuvchi uchun METTA stullari

Qiziqarli fakt: METTA innovative ergonomics kompaniyasi har bir inson uchun Yer yuzida boshqа о’rindiqlardan farq qiluvchi o‘zigа xоs...
12-11-2024, 15:05

Ўзбошимчалик билан эгалланган ер ва ундаги кўчмас мулкка мулк ҳуқуқини эътироф этиш ҳақидаги Қонун кучга кирди

Кеча, 8 ноябрь кунидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер ва ундаги кўчмас мулкка мулк ҳуқуқини эътироф этишга оид Қонун кучга кирди....
8-11-2024, 22:46

Айрим тадбиркорларга тўланган солиғининг бир қисми қайтариб берилади

Ҳукумат Қарори билан тасдиқланган Низомга кўра, 2024-йил 1-октябрдан бошлаб туроператорлик ва меҳмонхона хизматларини кўрсатувчи...
8-11-2024, 22:44
Ўзбекистон янгиликлари » Жамият » МАГИСТРАТУРА ТАЪЛИМИ