Шу сабабли полиз қўнғизининг Зарафшон воҳаси шароитида биологик ва экологик хусусиятларини ўрганиш ва экологик зарарсиз кураш чораларини ишлаб чиқиш долзарб масала деб ҳисоблаймиз. Бунинг учун эса зараркунанда ривожланиш фазалари давомийлигига муҳит омилларининг таъсирини ўрганиш муҳимдир.
Полиз қўнғизи маҳаллий номи «Какана», қаттиққанотлилар туркуми, коксиниллидлар оиласи, Эпилачна авлодига мансуб ҳашарот. Зарафшон воҳасида унинг 37 тури аниқланган.
Полиз қўнғизи қовун, бодринг, тарвуз, қовоқ, ва бошқа полиз экинларининг ер устки органларини, улар униб чиққандан бошлаб, то ҳосил йиғиб олингунга қадар зарарлайди.
Зараркунанданинг қўнғизлари ва личинкалари ўсимлик баргларини кемириб, фақат барг томирларини қолдиради, мевасида чуқурчалар ҳосил қилади ва мева чирийди, ҳосил кескин камаяди.
Полиз қўнғизи полиз экинлари ниҳолларига катта зарар етказади, зараркунанданинг қўнғизлари ёш ниҳолни тўлиғича еб қўяди. Кўпинча ўсимлик вегетациясининг энг авж олган вақтида полиз қўнғизи ва унинг личинкалари билан зарарланганда ўсимликни тўлиқ нобуд бўлиши кузатилади. Полиз қўнғизи айниқса кечки экилган полиз экинларига кўпроқ зарар етказади. Бу вақтда далаларда кўп миқдорда қўнғизлар йиғилади. Баъзи ўсимликларда 43 тагача қўнғизлар ва 200-300 тагача полиз қўнғизи личинкаларини санаш мумкин.
Ҳосил йиғиб олиш даврининг охирида зараркунанда асосан қовуннинг ёш мевалари билан озиқланади.
Зарарланган қовун мевалари сақлаш ва ташиш учун яроқсиз ҳолга келади, кўпчилиги эса бирданига чириб кетади. Зарарланган ўсимлик одатда майда ва бужмайган мева тугади. Меваларнинг сифати пасаяди ва вазни камаяди. Кучли зарарланган ўсимликларда умуман мева бўлмайди.
Полиз қўнғизи ва унинг личинкалари полиз экинларининг баргларини хуш кўриб ейди. Дала шароитида полиз экинларининг баргларини кўпинча 95-100 % зарарлайди.
Зарафшон воҳаси шароитида полиз қўнғизи 4 марта тўлиқ авлод беради. Полиз қўнғизи ривожланиш босқичларининг давомийлиги муҳит ҳарорати ва ҳавонинг нисбий намлигига боғлиқ бўлиб, биринчи авлод личинкаларининг ривожланиши 2- ва 3- авлодларига нисбатан анча узоқ давом этади. Полиз қўнғизи 1- авлод тухумларининг эмбрионал ривожланиш давомийлиги 2- ва 3- авлодларига нисбатан ҳаво ҳароратига боғлиқ ҳолда фақат бир кунга фарқ қилади. Дала шароитида эса тухум ва личинкалари ривожланиш давомийлигидаги фарқи 2-3 кунга чўзилади.
Бурхон Файзуллаев
Самарқанд давлат университети
Экология ва ҳаёт фаолияти хавфсизлиги кафедраси доценти
Самарқанд давлат университети
Экология ва ҳаёт фаолияти хавфсизлиги кафедраси доценти