Буюк Британиянинг Уорвик университети доимий равишда Буюк Британия олий таълим муассасалари кучли 10 лигидан тушмайдиган, дунё университетларининг топ-1000 талигида 64-ўринни эгаллайди. Ушбу университетда ўқишни, илмий тадқиқот олиб боришни кўпчилик орзу қилади.
Маълумот учун, Уорвик университети таркибида 30 га яқин факультет, 50 дан ортиқ илмий марказ фаолият юритади. Асосан, ижтимоий, илмий-техник фанлар, тиббиёт ва санъат йўналишида мутахассислар тайёрланади. Уорвикда 150 дан ортиқ турли миллатга мансуб 22,5 мингдан ортиқ талаба таҳсил олади. Уларнинг 20 фоизи чет элликлардир. Шунингдек, мазкур университет битирувчилари энг кўп маош оладиган жаҳон университетлари рейтингида 6-ўринни эгаллаган.
Самарқанд давлат университети инглиз тили кафедраси катта ўқитувчилари Шаҳноза Хушмуродова ва Комила Маҳкамовалар Буюк Британиянинг Уорвик университетида бир ойлик стажировкада бўлгани ҳақида аввал, ҳам хабар берган эдик. Биз ушбу университетда малака ошириб қайтган ўқитувчиларнинг ташриф таассуротлари билан қизиқдик.
-Буюк Британиянинг Уорвик университети “Applied linguistics” кафедраси томонидан эълон қилинган ўқитувчиларнинг малакасини ошириш дастурида иштирок этиб қайтдик, - дейди Шаҳноза Хушмуродова, - Мазкур курсга жами 12 нафар Ўзбекистонлик номзод танлаб олинган эди. PDELT (Professional development for English language teachers) курси инглиз тили ўқитувчиларининг малакасини ошириш, бевосита Уорвик университети профессор-ўқитувчилари билан тажриба алмашишга йўналтирилган. Асосий мақсад ўқитувчиларнинг билими ва малакасини халқаро тажрибалар ва усуллар ёрдамида ошириш. Ушбу курсда бу йил биринчи марта ўзбекистонлик вакиллар иштирок этди. Бизга, ҳатто, Оксфорд университети профессори Марк Бартрам ҳам дарс ўтди.
Малака ошириш курси давомида ўргатилган “Co-working” (Ҳамкорликда ишлаш) методи бизга жуда маъқул бўлди. Мазкур усулга кўра, битта дарс икки ўқитувчи томонидан ўтилади. Масалан математика дарсини олсак, уни ҳам математика ўқитувчиси, ҳам инглиз тили ўқитувчиси биргаликда ўтади. Бизнинг шароитда математика ўқитувчиси инглиз тилини билмайди, талабалар эса математикани инглиз тилида ўрганиши керак. Бу ҳолатда cо-wоркинг усули ниҳоятда қўл келади. Усул талабаларда бир вақтнинг ўзида ҳам математика, ҳам тил бўйича билим олиш имконини беради. Дарс якунида талабаларга ҳар бир ўқитувчи алоҳида-алоҳида баҳо қўяди. Сўнг қўйилган икки баҳо умумлаштирилиб, якуний баҳо чиқарилади. Бу методни бизнинг таълим тизимимизга ҳам жорий этсак, ўйлаймизки, яхши самара беради.
- Дастур давомида тил ўрганувчиларга қандай мотивациялар бериш, тилга қизиқишларини ошириш, инглиз тилини ўқитиш жараёнида янги адабиётлар, фойдали сайтлар билан ишлаш бўйича олган маълумотларимиз ниҳоятда фойдали бўлди, - дейди Комила Маҳкамова, - Шу билан бирга ўқувчиларда ижодий-танқидий фикрлаш қобилиятини шакллантириш ва илмий ёзиш кўникмасини такомиллаштириш бўйича бир қатор янги методлар билан танишдик. Уорвик университетининг таълим ва маъмурий тизимида ўрнак олса бўладиган бир қатор жиҳатларга кўзимиз тушди. Масалан, ўқитувчиларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш тизимида ҳам бир ўзгачалик бор экан. Яъни ўқитувчи талабаларга дарсга киришдан олдин талабаларнинг билим кўрсаткичини текшириш учун бошланғич назоратлар олинади ва натижалар фоизларда ҳисобланади. Ушбу кўрсаткич дарслар ўтиб бўлингандан кейинги натижалар билан таққосланиб, ўқитувчининг таълим бериш сифати баҳоланади. Масалан, бир ўқитувчи бошланғич даражаси 30 фоизлик талабаларга дарс ўтди ва уларнинг тил билиш даражасини 50 фоизга чиқарди, бошқа бири эса бошланғич 0 даражадан бошлаб дарс ўтиб, уни 30 фоизга чиқарди. Бу жараёнда якуний натижага қараб баҳо бериш тўғри эмас. Фоиз ҳисобида биринчи натижа юқори, аммо унда ўқувчилар билими 20 фоизга ошди. Иккинчи ҳолатда якуний натижа паст, аммо ўқитувчи эришган натижа 30 фоиз. Бу жараёнда, шубҳасиз, иккинчи ўқитувчи яхши ҳақ олиши керак. Чунки у бошқаларга қараганда кўпроқ меҳнат қилди, яхши натижага эришди. Тил ўқитишда профессор-ўқитувчиларга бу тарзда ҳақ тўлаш тартиби фақат талабанинг эмас, ўқитувчининг ҳам олдига бир қатор талаблар қўйиши билан ҳам самаралидир.
Дастур якунида курс иштирокчилари ҳамда Уорвик университети профессор-ўқитувчиларига Самарқанд давлат университети ҳақида намойиш қилиб бердик. Лойиҳа организатори Жонатан Френч октябрь ойида СамДУ га келмоқчилигини айтди. Намойиш орқали хорижлик илм-фан вакилларида Самарқанд давлат университетига қизиқиш уйғота олганимиздан мамнунмиз.
Эндиликда ушбу хорижий малака ошириш орқали ўрганган маълумот ва методларимизни Самарқанд давлат университетининг бошқа инглиз тили ўқитувчиларига ўргатиш мақсадида семинар ташкил қилмоқчимиз.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими
Ирода Бекмуродова ёзиб олди.
Ахборот хизмати ходими
Ирода Бекмуродова ёзиб олди.