Самарқандда бўлиб ўтган Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти саммити миллионлаб одамларга маданиятлараро мулоқот ва ўзаро алмашувнинг янги имкониятлари эшикларини очиб берди, десак хато бўлмайди. Маданиятлараро мулоқот дейилганда, энг аввало, масала жаҳон бўйлаб барча соҳаларни ривожлантиришга бевосита ва билвосита таъсир кўрсатадиган туризм соҳасига қаратилади.
Замонавий туризм миллатлараро бирлик ва ҳурматни таъминлашнинг муҳим воситасидир. Бу борада Президентимизнинг келгуси йилни ШҲТ маконида туризмни ривожлантириш йили деб элон қилиш таклифи ҳақида тўхталиш жоиз. Саммит доирасида қабул қилинган Туризм соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим биргаликда туризм тармоғини ривожлантириш учун зарур ҳуқуқий заминдир.
Таъкидлаш керакки, ШҲТ давлатлари санъат ва маданиятини жаҳон маданий муҳитига интеграциялаш ҳамда халқаро майдонда ҳар бир мамлакатнинг ўз тарихий кўринишини мустаҳкамлаш, тарихий-маданий мерос намуналарини дунё бўйлаб тарғиб қилиш, Президентимиз таклиф қилгани каби виртуал музейлар, ижодий кўргазмалар, илмий видеоконференциялар ташкил этиб, ёшларни бундай лойиҳаларга фаол жалб қилиш орқали халқларимизнинг янада яқинлашишига кўмаклашамиз.
Рустам Холмуродов,
Самарқанд давлат университети ректори,
Ўзбекистон Республикаси фан арбоби.