Муаллим асрий мажбурий меҳнатдан озод бўлди. Пахта ва ҳашар деган азоблардан қутилди. Муаллимнинг маоши бир-неча баробар оширилди. Муаллимнинг жамиятдаги ўрни ва мавқеи тикланди. Қадри ва қадди кўтарилди. Мактаблар янгиланди.
Мустақилликнинг йигирма беш йили бир томон бўлса, кейинги олти йили бир томон бўлди. 2016 йилдан бошлаб қурилган мактаблар, таъмирланган мактабларнинг сон-саноғи йўқ. Бутунлай янги тузилмалар Президент мактаблари, ихтисослашган мактаблар, ижод мактаблари пайдо бўлди. Бу Президент ва давлат ғамхўрликлари албатта. Бу борада мактаб муаллимлари ва халқимиз зиммасида ҳам улкан вазифалар, масъулият борлигини унутмаслигимиз керак албатта...
Миллат муаллими номига муносиб бўлиш қанчалар машаққатлигини, масъулиятлигини юрак-юрагимдан чуқур ҳис этаман. Муаллимлик касбини улуғлаб келаётган мамлакатимиз ўқитувчи-мураббийлари олдида бош эгиб таъзим қиламан.
Миллат тарбиячиси, миллат муаллими зиммасида бугун ҳар қачонгидан-да залворли, улуғвор вазифалар турибди. Бу нималарда намоён бўлади:
Биринчидан илмли бола сўзсиз ватанпарвар, миллатпарвар бўлиб улғаяди. Бу ҳақиқатни инкор қилиб бўлмайди. Билимли инсон аввало, Ватанни танийди, англайди. Илм қудрати билан мамлакатини, миллатини дунёга кўрсатади. Жаҳон саҳнидаги ўрнини белгилайди, юксалтиради. Ҳурмат-эътиборини оширади... Шу ўринда ҳақли савол туғилади. Бундай болаларга ким таълим-тарбия беради? Албатта мактаб, муаллим, мураббий...
Иккинчидан бугунги нотинч дунёнинг бош мақсади бу – ёшлар онгини забт этишга қаратилган. Бу йўлда қанчадан-қанча қора кучлар ишламоқда. Миллиард-миллиард маблағлар йўналтирилмоқда. Муддао маълум. Ёшларни ўз ғоялари атрофида бирлаштириш, ортидан эргаштириш. Бундай ёт, ёвуз таъсирларга биринчи навбатда қандай ёшлар тушиб қолади? Жавоб тайин. Билимсиз ёшлар. Фарзандларимизга билим бериш ўқитувчи-мураббийларимиз зиммасига юклатилган. Демак болаларимизнинг эртанги тақдири айнан муаллимнинг қўлида. Уларнинг ким бўлиши, қандай йўлни танлаши, яна мактабга, ўқитувчига боғлиқ бўлиб қолаверади.
Учинчидан мамлакат тараққиёти, истиқболи, ислоҳотлар тақдири айнан кадрлар салоҳиятига бориб тақалади. Жамиятни ҳаракатга келтирувчи куч бу билим, фикр ҳисобланади. Билимсиз жамият таназзулга юз тутади. Ҳеч бир соҳа илм-фансиз ривожланмайди, тараққий этмайди. Илм-фаннинг пойдевори аввало, мактабда қўйилади. Миллатнинг бош меъмори ҳам аслида муаллим эканлигини унутишга ҳаққимиз йўқ. Мухтасар айтганда тараққиётимиз мактабга, муаллимга уларнинг фарзандларимизга бераётган билим даражасига чамбарчас боғлиқ.
Тўртинчидан бугун бутун дунёда замонавий мактаб, замонавий билим, замонавий муаллим, ахборот технологияларига асосланган педагогика тушунчалари ҳукмрон. Халқаро талаб ва стандартлар мавжуд. Тан олиб айтганда бугун кечагидай яшаб ёки ишлаб бўлмайди. Атрофга қараш, ўрганиш, таҳлил қилиш давр талаби. Натижа жуда-жуда муҳим эканлигини унутмаслигимиз керак. Мактаб битирувчиларининг олий ўқув юртларига кириш статистикаси, бу қайсидир маънода мактаб фаолияти, муаллим меҳнатига берилган баҳо сифатида қаралмоқда. Бу тўғри ва ўринли талаб албатта. Мактаб ўқувчиларининг халқаро ва республика олимпиадаларида иштирок этиши, чет тили бўйича сертификатлар олиши бу муаллим меҳнатининг меваси ҳисобланади. Тан олиш керак. Биз йиллар давомида ўз қобиғимизга ўралиб қолдик. Мустабид тузумдан мерос қолган мактабларимиз ва таълим тизимимиз билан мақтаниб бўлмаслигини яхши тушинамиз албатта.
Бешинчидан билимли, истеъдодли талабаларга эга бўлишни истаган олий ўқув юрти мактаблар билан ишлашни, амалий ҳамкорлик қилишни йўлга қўйиши керак, деб ҳисоблайман. Таълим бир бутунликдан иборат эканлигини унутмаслигимиз зарур. Мактабгача таълим муассасасидан мактабга келган бола нималарни ўрганганлигини намоён этгани каби, мактаб битирувчиси олий даргоҳ талабларига мос келиши лозим. Бунинг учун аввало, ўзаро ҳамкорлик қоғозда эмас амалда мавжуд бўлиши муҳим аҳамиятга эга. Мактаб ва муаллимга олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчиларининг амалий ёрдами бугун ҳар қачонгидан ҳам зарур ва керак, деб ҳисоблайман. Унутмаслигимиз керакки, жадид боболаримиз мактаблар очишган, дарсликлар ёзишган, чоп этишган, газета журналлар чиқаришган. Босмахоналар очишган. Ўзларининг мол-мулкларини маърифат йўлида, миллат таълим-тарбиясига сарф этишган. Бефарқликни, лоқайдликни тарих ва авлодлар кечирмайди. Абдурауф Фитрат айтганидек: Миллат учун нондан сўнг энг муҳими мактабдир...
Олтинчидан мактаб дарсликлари атрофида турли фикрлар, эътирозлар мавжуд. Бу борада ҳам бирлашиш, бир фикрга тўхталиш вақти аллақачон келган. Услубчилар билан олимлар ҳамфикрлигига, ҳаммуаллифлигига эҳтиёж борган сари ортиб бормоқда. Йиллар давомида биз мактаб дарсликларига иккинчи, учинчи даражали иш сифатида қараб келдик. Катта, таниқли олимларимиз дарслик ёзмайди. Дарслик чиқариш ўртамиёна муаллифлар даражасига тушиб қолган. Дарсликларни мукаммал эмаслиги биринчи навбатда мактаб ўқитувчилари учун ноқулайлик туғдиради. Менинг назаримда дарсликлар борасида ҳар учала таълим вазирлиги иштирокида муаллифлар гуруҳлари шакллантирилиши керак, деб ҳисоблайман. Забардаст олимларни ҳам дарслик яратиш ишларига ихтиёрий-мажбурий жалб этиш керакдир балки.
Еттинчидан бола таълим-тарбиясида оналарнинг ўрни жуда муҳимлигини чуқур англаб етмоғимиз зарур. Бир неча йиллар аввал, Исроилнинг Ўзбекистондаги элчиси билан суҳбатимизда Исроил таълими, илм-фанининг ютуқлари сири нимада эканлигини сўраганман. Жавоб қисқа бўлганди: Исроил онасининг масъулияти... Фарзандига эътибори, унинг тарбияси учун жонини фидо қилиши, ўқишига, ҳаётда ўрнини топишига бутун умрини бағишлаши...
Ҳа фарзанд камолотида оналарнинг бетакрор ва бебаҳо ўрни борлигини доимо эслатишимиз лозим. Она қалбининг, меҳрининг мўъжизалари беқиёс. Мамлакатимиздаги жамоат ташкилотлари ҳам масаланинг мана шу томонига алоҳида эътибор қаратиши муҳим аҳамият касб этади.
Ҳурматли ота-оналаримизнинг мактабга, муаллимга бўлган ҳурмат ва эътиборини қайтариш керак. Тўғри яқин тарихимизда шундай йиллар бўлдики биз ўқитувчини хор қилдик. Уни бўйнига мажбурий меҳнат, деган бўйинтуруқни илиб қўйдик. Таълим-тарбиядан узоқлаштирдик. Бунинг натижасида ориятли ўқитувчилар ўз касбини ташлаб кетди. Мактабларда фан ўқитувчилари етишмайдиган даражага ҳам тушиб қолдик. Менинг назаримда ота-она мактаб муаллимига ёрдамчи бўлиши керак. Оилада улғаяётган фарзандлар онгига муаллимга нисбатан ҳурмат руҳини сингдириш зарур. Бола фақат мактабди билим олмайди, тарбияланмайди. Боланинг таълим-тарбиясида энг муҳим ўринни оила эгаллашини унутиб қўйдик. Бунинг натижасида на ота-онани, на муаллимни ҳурмат қилмайдиган болалар пайдо бўлганини ҳам инкор қилиб бўлмайди. Мактаб ва муаллимни қадрламайдиган, эъзозламайдиган бирор бир миллат рўшнолик кўрмайди. Тараққий этмайди. Шунинг учун ота-оналар мактаб ишига, болаларни билим олиш масаласига бефарқ қарамасликлари керак. Минг афсуски, кейинги пайтларда ўқитувчини урадиган, ҳақорат қиладиган ота-оналар пайдо бўлмоқда. Бу бизнинг миллий қадриятларимизга мутлақо зиддир. Самарқандлик буюк маърифатпарвар Саидризо Ализода айтганидек: Муаллим билан муҳаррир миллатнинг икки қўлидир...
Мухтасар айтганда Миллат муаллими, деган эътироф энг олий шараф. Юксак эъзоз. Чексиз ҳурмат. Ўз навбатида энг катта масъулият, машаққат ҳамдир. Бу йўлда мен мамлакатимиз ўқитувчи ва мураббийларига мувоффақиятлар тилайман.
Рустам Холмуродов,
Самарқанд давлат университети ректори,
Ўзбекистон Республикаси фан арбоби,
Олий Мажлис Сенати аъзоси.
Самарқанд давлат университети ректори,
Ўзбекистон Республикаси фан арбоби,
Олий Мажлис Сенати аъзоси.