Унда Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Рустам Холмуродов иштирок этди.
Ҳозирги мураккаб, ташқаридан турли мафкуравий тазйиқлар кучайиб, бораётган бир пайтда Ватанимиз шаъни ва халқимиз маънавиятини юксалтириш, илм-фан соҳасида эришилаётган ютуқлар, миллий урф-одат ва қадриятларни келажак авлодга безавол етказишда нуронийларнинг ўз ўрни ва масъулияти мавжуд.
Давра суҳбатида сўзга чиққанлар бугунги ривожланиб бораётган жамиятда нуронийларнинг ўрни, улар томонидан йиллар давомида тўпланган бой тажриба, малака ва кўникмаларни ёш кадрлар фаолиятига жалб этиш, ёшларга ўрнак бўлишлари борасида фикрлар билдирди.
-Ҳар қандай мамлакатда таълим тизими кучли ривожланган бўлса, унинг келажаги ва тараққиёти гўзал бўлади, - дейди Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби Рустам Холмуродов, - Мамлакатда мустаҳкам таълим тизимигина порлоқ келажак пойдевори бўлиши мумкин. Бугунги олий таълим тизимимизнинг олдидаги энг муҳим масала илмий-педагогик генофондни янгилашдир. Ёш, шижоат ва ғайратли кадрлардаги кучни ҳамда нуронийларимизда мавжуд етук тажриба ва билимларни уйғунлаштирган ҳолатда бу мақсадга эришишнинг мустаҳкам асослари яратилади...
-Бугунги Ўзбекистонда тинчликни сақлаш, миллатлараро тотувликни таъминлаш, тинчлик ва мустақилликнинг қадрига етиш вазифасини ёшларга етказишда нуронийларимиз фаоллиги муҳим аҳамият касб этади, - дейди Самарқанд давлат университети профессори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Муслиҳиддин Муҳиддинов, - Шу маънода олиб қараганда, Самарқанд давлат университетида ҳаёти илм-фанга бахшида нуронийларнинг ҳам бир қатор вазифалари мавжуд. Биз ёш олимларнинг ўзини тутиши, илмий фаолияти борасида ҳам фикр-мулоҳаза билдиришимиз, ҳаёт тажрибасидан келиб чиқиб уларга тўғри йўл-йўриқ кўрсатишимиз лозим. Самарқанд давлат университетида дунёга донғи кетган илмий мактаблар яратилган. Академиклар Воҳид Абдуллаев ва Ботирхон Валихўжаевлар асос солган адабиёт тарихи илмий мактаби, Ўзбекистон Республикаси фан арбоблари, профессорлар Улуғ Турсунов ва Раҳматулла Қўнғуровлар асос солган ўзбек тилшунослиги мактаби, Академик Акбар Отахўжаев асос солган оптика мактаби, академик Толиб Мўминов асос солган ядро физикаси мактаби ва ҳоказо. Бизнинг вазифамиз мана шу мактаблар шон-шуҳратини тиклаш, устоз-шогирдлик анъаналарини ривожлантириш эканлигини унутмаслигимиз, ўзимиз фаолият кўрсатаётган кафедра, факультет ва университет нуфузини ошириш йўлида хизмат кўрсатишимиз керак. Бу борада маънавий муҳит учун жавобгарлик ва масъулиятнинг ўз зиммамизда эканлиги ҳамиша ёдимизда бўлиши зарур.
-Янги Ўзбекистонни барпо этиш жараёнида катта ҳаёт йўлини босиб ўтган ва бой тажрибага эга бўлган нуронийларнинг иштироки алоҳида аҳамиятга эга, - дейди Самарқанд давлат университети фахрийлар кенгаши раиси, филология фанлари доктори, профессор Суюн Каримов. – Бу борада нуронийларнинг ўз умрини илм-у маърифат ва таълим-тарбияга бағишлагани янада чуқур мазмун касб этади. Шу маънода бугунги янгиланаётган жамиятимизда Самарқанд давлат университетининг эгаллаган ўрни ва нуфузи, унда фаолият кўрсатаётган олим ва мураббийларнинг ўрни беқиёсдир. Давлатимиз раҳбарининг биз нуронийларга бераётган эътибори ва ғамхўрлигини инобатга олган ҳолда, ҳар биримиз бой тажриба ва билимларимизни бирлаштириб, давлатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини халққа тушунтириш, йиллар давомида тўпланган илмимизни ёшларга етказиш, таълим соҳасидаги ҳар бир янгилик ва ўзгаришларни имкон қадар ўзлаштириб боришни ўзимизнинг фуқаролик ва мураббийлик бурчимиз деб билишимиз лозим.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати.
Шавкат Акрамов олган суратлар.
Ахборот хизмати.
Шавкат Акрамов олган суратлар.