15 май — Халқаро оила кунига бағишлаб ўтказилган илмий-амалий конференцияда «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази раҳбари Дилором Тошмуҳамедова матбуотни, журналистларни танқид қилибди. «Оммавий ахборот воситаларида суицид ҳолатларининг ёритилишини бас қилиш керак», — деб айтибди у, Kun.uz келтирган иқтибосга ишонадиган бўлсак, дейилади DARYO-LIVE канали хабарида.
Директорнинг ушбу фикрига канал ходимлари ўз муносабатини билдирган.
«Бу ‘Вертер синдроми’ (бировнинг ўз жонига қасд қилишига бошқаларнинг тақлид қилиши)ни келтириб чиқариши мумкин. Суицид журналистларнинг эмас, мутахассисларнинг иши. У илмий давраларда илм кишилари томонидан муҳокама қилиниши ва профессионал ёндашув асосида ечим изланиши керак. Ўз жонига қасд қилиш ҳақидаги хабарларни тарқатавериб, одамларда тушкунлик ва бепарволик кайфиятини келтириб чиқармаслик лозим. ОАВ вакилларидан бу нозик мавзуга қўл урмасликни сўраб қоламан», — дебди.
Ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг борлиги — жуда аянчли. Ортиқча гап йўқ — Дилором опа айтганидек, бу жуда нозик мавзу. Лекин бундай хабарларни ўқиш кишига ҳузур бағишламаганидек, журналистлар ҳам бундай хабарларни хурсандчилик билан ёзмайди. Масаланинг бошқа томони ҳам бор — ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари одатда бирор ҳаракат ёки ҳаракатсизлик оқибати. Бир эмас, икки эмас, ўнлаб, юзлаб одамлар ўз жонига қасд қилаётган бўлса — демак, бу оммавий муаммо ва унинг сабаб(лар)и бор, дейилади хабарда.
ОАВ у ёки бу жойда ўқувчи бола ёки ёш келин ўз жонига қасд қилгани ҳақида шунчаки ахборот беради холос — чунки юз берган воқеа-ҳодиса ҳақида хабар бериш ОАВнинг вазифаси. Ҳар бир шундай аянчли ҳодисадан сўнг унинг келиб чиқиш сабаблари ва бу сабабларни бартараф этиш йўллари ҳақида очиқ, ошкора изоҳ, тушунтириш бериб бориш — «Оила» тадқиқот марказига ўхшаш тузилмаларнинг вазифаси. «Бу нозик масала экан», деб ҳамма жим ўтирса, айни бир хил сабаблар бир йилда юзлаб одамлар ўлиб кетаверади...
Муаммоларни яшириб ҳал қилиш мумкин бўлганида эди...