Президент ташаббуси билан жорий йилнинг биринчи февралидан бошлаб муаммоларни уйма-уй юриш орқали аниқлаш ва ҳал қилишни янги тизимига асосан Халқ қабулхоналари, секторлар, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар ташкил этилиб, республика ҳудудларидаги барча туман ва шаҳарлар секторларида ўрганишлар ўтказилмоқда.
Сайёр қабуллар натижасида юзлаб фуқароларнинг йиллаб ечимини кутаётган муаммолари ҳал этилмоқда. Фикримизни Фарғона вилояти мисолида кўрадиган бўлсак, 2019 йилнинг март-июль ойлари орасида Президент Администрацияси масъул ходимлари, Бош прокуратура, Олий суд, Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Ички ишлар вазирликлар раҳбар ва ўринбосарлари, Бош прокуратураси ҳузуридаги МИБ директори ўринбосари, шунингдек, ҳудудий сектор раҳбарлари, вилоят, шаҳар ва туман давлат идоралари раҳбар ходимлари иштирокида оммавий сайёр қабуллар ташкил этилди.
Сайёр қабулларда жами 15021 нафар фуқаро қабул қилинди, улардан 15951 та масала бўйича мурожаат келиб тушди.
Ушбу қабуллар натижаларини соҳалар кесимида қаралганда, энг кўп мурожаатлар меҳнат ва аҳоли бандлиги масалаларига оид 1034 та, уй-жой ва ер ажратиш масалалари бўйича 1089 та, газ, электр ва сув таъминотини яхшилаш бўйича 1163 та, моддий ёрдам ажратиш масалалари бўйича 1034 та, коммунал тўловлар бўйича 904 та, соғлиқни сақлаш бўйича 755 та, суд-ҳуқуқ масалаларига оид 684 та, кредит ажратиш масалалари 694 та келиб тушганлигини кузатиш мумкин.
Аҳамиятлиси, мазкур қабуллар жараёнида муаммоларнинг 8486 таси (58,1%) ижобий ҳал этилди. Шу билан биргаликда, қўшимча ўрганиш талаб этиладиган 1459 та (8,3%) мурожаатнинг кўриб чиқилиши назоратга олинди. 6006 та (33,6%) бўйича асослантирилган ҳуқуқий тушунтириш берилди.
Эътибор беринг, сайёр қабуллар сабаб 75 нафарга яқин маҳкум шартли равишда бўлса-да, озод этилди, уй-жойи бузилган фуқароларга конпенсация тўлаб берилди, юзлаб одамлар ишга жойлаштирилди, соғлиғини тиклашга қийналаётганларга даволаниши учун ордер ва йўлланмалар ажратилди, ногиронларга аравачалар совға қилинди, 20 километрдан ортиқ масофага ичимлик сув қувлари ётқизилди, 50 килосетрдан ортиқ йўл таъмирланди, барчаси эзгу амаллар.
Фарғона вилоятининг Қўқон ва Марғилон шаҳарларида ногиронлиги бор, кам таъминланган, ижтимоий ҳимоя ва уй-жойга ўта мухтож фуқароларга 123 хонадон калитлари топширилди.
Айтиб, санаб ўтилган амаллар сўнгги тўрт ой мобайнида амалга оширилган ишларнинг бир қисми холос. Ҳали Фарғонада ўз ечимини кутаётган, вилоят раҳбарлари назоратига олинган талай масалалар бор. Улар ҳам ўз навбати билан ечимини топилишидан умидвормиз.