Ёз келиши билан "Artel" маҳсулотлари устидан шикоят кўпаяди, дея хабар қилди EVERYDAY.UZ мухбири Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси маълумотига таяниб.
Маълум бўлишича ёзда аҳоли асосан музлатгич, ҳаво совитгич каби маҳсулотларни кўп сотиб олади. Айнан музлатгич ва кондиционерлар устидан шикоят федерацияга кўп тушиши айтилди. Айниқса "Artel" маҳсулотлари устидан шикоят кўп тушиши ҳам маълум бўлди.
Шундай шикоятлардан бири Корея фуқароси жаноб К.Хан томонидан келиб тушган.
У жорий йил 21 июнь куни Фарғона вилоятидан 5 млн 642 минг сўмга икки дона "Artel" кондиционерларини сотиб олган. Лекин ўрнатилгач уларнинг бири ишламай қолган. Шунда кореялик К. Хан компания сервисига мурожаат қилган лекин улар ҳам бу муаммони бартараф эта олмаган. Шундан сўнг кореялик меҳмон ёки пулини қайтариб беришни, ёки бўлмаса янгисига алмашириб беришларини сўраган. Лекин компания унинг талабини бажармаган. Шундан сўнг федерациянинг кўмаги билан кореялик меҳмонга худди шу маркада янги, сифатли кондиционер берилган.
Нафақат юртдошларимиз ҳатто чет эллик меҳмонларни-да сарсон қилаётган Аrtel компанияси ҳамда унинг хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари “Миллий маҳсулот- миллий ғурур” шиорига амал қилишса мақсадга мувофиқ бўлар эди. Аслида миллий бренд миллатнинг фаровон ҳаётига хизмат қилиши лозим эмасми?! - деган савол билан мурожаат қилмоқда федерация.