Бугун, 1 август куни O'zLiDePда хусусий мулк дахлсизлиги таъминлаш, халқ депутатлари Кенгашларидаги партия гуруҳларининг мулкдорлар синфи вакилларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, мулк ва мулкий муносабатларни қонуний тартибга солинишини таъминлашдаги иштирокини янада кучайтириш масалалари муҳокама қилинди. Бу ҳақда партия матбуот хизмати хабар қилди.
Депутатлар, партия фаоллари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этган йиғилишда сўнгги йилларда мамлакатимизда “Обод маҳалла”, “Обод қишлоқ” ҳамда “Обод марказ” дастурлари доирасида халқ манфаати йўлида қилинаётган ишларга юқори баҳо берилди. Лекин, беш қўл баробар бўлмагани каби айрим раҳбарлар томонидан тадбиркорлар қурган иншоотларни ҳеч қандай огоҳлантиришларсиз бузилаётгани, уйи “снос”га тушиб, кўчада яшаётган оилаларга ваъда қилинган тўлов(компенсация)нинг бериламаётгани нафақат одамларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлаяпти, балки юқоридаги ислоҳотларга соя солаётгани таъкидланди.
Йиғилишда аҳолининг мулкий ҳуқуқлари партия ва унинг депутатлик корпуси томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда мавжуд қонунлар асосида қай даражада ҳимоя қилинаётганлигига таҳлилий-танқидий баҳо берилди. Таъкидландики, мулк дахлсизлигини таъминламасдан иқтисодий ривожланишга эришиш қийин. Бу Ўзбекистон Конституциясида ҳам энг олий нормалардан бири сифатида белгилаб қўйилган, хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясида эканлиги кўрсатиб ўтилган. Мулкдор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина мулкидан маҳрум этилиши мумкин дея қатъий белгиланган. Хўш қонунчиликда бу борада қандай асослар белгиланган?
“Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 19-моддасида “...Олиб қўйилаётган ер участкасидаги уйни, бошқа иморатларни, иншоотларни бузиб ташлашга зарарнинг ўрни бозор қиймати бўйича олдиндан ва тўла қопланмагунга қадар йўл қўйилмайди. Мулкдор хусусий мулк ҳуқуқининг бекор қилинишига олиб келадиган қарорга рози бўлмаган тақдирда, бу қарор суд томонидан низо ҳал этилгунига қадар амалга оширилиши мумкин эмас”, - деб аниқ белгилаб қўйилган. Хуқуқий давлатчилик йўлидан бораётган Ўзбекистонда барча йўналишлар айнан қонун билан тартибга солиниши ва барча ўз фаолиятида энг аввало қонунларга асосланган ҳолда иш кўришга мажбур. Баъзи худудларда қабул қилинаётган қонунларнинг очиқчасига поймол қилинаётганлиги катта салбий оқибатларга олиб келиши мумкинлиги таъкидланди. Бу борада қонунларн ривоя қилиниши устидан назорат қилишга масъул бўлган идорларнинг кузатувчилик позициясида турганлиги ҳам тушунарсиз ҳолат эканлиги таъкидланди.
Очиқ мулоқот тарзида ўтган йиғилишда амалдаги қонунларда мулк ва мулкий муносабатлар ҳуқуқий тартибга солинган бўлсада, партиядан сайланган депутатлар унинг ижроси юзасидан етарли назорат ўрнатмаганлиги асосли танқид қилинди.
Йиғилишда бу каби муаммоларни қонуний асосда ўз вақтида бартараф этишга қаратилган қатор устувор вазифалар белгилаб олинди.
Хусусан, жойларда аҳоли ва тадбиркорлар ҳуқуқларининг бузилиши, уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масаласида халқ депутатлари маҳаллий Кенгаши депутатларининг сўровномалари институтлари самарадорлигини ошириш зарурлиги қайд этилди.
Шунингдек, партиянинг ҳудудий Кенгашлари, туман ва шаҳар Кенгашларида фуқароларнинг ер участкалари, тадбиркорларнинг бино-иншоотлари, мулкларининг ноқонуний олиб қўйилиши, бузиб ташланиши ҳолатлари бўйича партиянинг ишонч телефонларини ташкил этиш, ушбу масалалар бўйича ҳамкор ташкилотлар, тадбиркорлик субъектлари ва масъул идора, корхоналар билан ҳамкорликда тушунтириш ва тарғибот тадбирларини ўтказишни янада кучайтириш лозимлиги айтиб ўтилди.
Йиғилишда фуқароларнинг хусусий мулк дахлсизлиги ҳуқуқи бузилган тақдирда тегишли мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш бўйича аниқ таклифлар киритиш, ҳудудларда бу каби вазиятлар такрорланмаслиги учун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси томонидан тизимли ўрганишлар олиб борилиши борасида аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Шунингдек, тадбирда аҳоли ва тадбиркорларнинг хусусий мулк дахлсизлиги ҳуқуқи билан боғлиқ масалаларни ўрганиш бўйича партия фаоллари ва депутатларидан иборат ишчи гуруҳ тузилиши белгилаб олинди. Уларнинг асосий вазифаси жойларда Конституцион норма ва амалдаги қонун талаблари доирасида снос масалаларини атрофлича ўрганиш, мавжуд масалаларни Халқ депутатлари вилоят Кенгашларига тақдим этишдан иборат бўлади. Бу эса ноқонуний бузилишлар ва аҳолининг бу борадаги мулкий ҳуқуқларини поймол этилишининг олдини олишга хизмат қилади.
Якунда барча масалалар юзасидан O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг қарори қабул қилинди.