Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори, Президентнинг собиқ матбуот котиби Комил Алламжонов Alter Ego лойиҳасида журналист Кирилл Альтманга интервью берди. Бу ҳақда uz24.uz хабар қилди.
Бир соат давом этган суҳбат чоғида Алламжонов Альтманнинг барча саволларига жавоб берган. У Ўзбекистонда Facebook ва YouTube блоклаб қўйилгани сабабларини ҳам айтиб ўтган.
Кирилл Альтман: Сиз ушбу лавозимга (АОКА директори) келишингиз билан Facebook ва YouTube ишлаб кетди. Бу тасодифми? Ким ва нима учун бундай қилганди?
— Биз ҳаракат қилдик. Буни қилганлар ҳозир қамоқда ўтирибди. Менинг ўйлашимча, салбий фикрлар кўпайиб кетгани бунга сабаб бўлган. Улар Facebook ва YouTube'ни ёпиб қўйиш орқали, бундай хабарлар тарқалишини камайтирмоқчи бўлишган. Бу мавзуда жуда жиддий баҳс бўлди. Мен негативларга қарши фақат далил ва исботларни келтириш орқали курашиш кераклигини айтдим. Бу узоқ йўл. Лекин тўғри йўл. Ҳозирги замонда интернетни ўчириб қўйиб ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Хўп, Facebook'ни ёпиб қўйишди. Натижада нима бўлди? Менинг онам VPN нима эканлигини билмасди, бироқ ундан фойдаланишни бошлади. Агар ҳамма VPN'дан фойдаланишни бошласа, давлатнинг турли сайтларни назорат қиладиган усули қолмайди. Агар ҳар бир фуқарода ҳар қанақа тўсиқдан ўта оладиган VPN бўлса, мамлакатни қандай ҳимоя қилиш мумкин? Биз буни тушунтирдик ва бунга эришдик.