"Муборакнефтегаз"да электр энергияси йўқлиги учун Андижонда аҳолининг бир қисми газсиз қолди. Бу ҳақда “Hududgaz Andijon” газ таъминоти филиали хабар қилди.
Маълум бўлишича, 4 январь куни "Муборакнефтегаз" нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармасининг бешта конида электр энергияси билан боғлиқ муаммо кузатилган. Шу сабабга кўра, у ердан чиқадиган газ таъминоти деярли тўлиқ тўхтатилган ва Андижон вилоятида газ етказиб бериш билан боғлиқ муаммолар кузатилаётгани маълум қилинди.
Ҳозирда газ етказиб бериш ва кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ҳудудда ишлар ташкил этилгани билдирилди. Шу ўринда эслатиб ўтиш жоизки, ушбу ҳафтада юртимизда ҳаво ҳарорати кескин тушиб кетиши, айрим ҳудудларда ҳарорат -17 даража бўлиши кутилмоқда.