Сирдарёда банк ходими пенсия пулини фақатгина лотерея сотиб олганларга бергани маълум бўлди. Бу ҳақда Истеъмолчилар хуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги хабар қилди.
Маълум бўлишича, агентликка сирдарёлик фуқародан мурожаат келиб тушган ва у мурожаатида нафақа пулига лотерея мажбурий сотилаётганини маълум қилган. Шундан сўнг агентликнинг ҳудудий бўлими банкка қонунбузилиш ҳолати юзасидан сўров хати юборган.
Банк томонидан келган жавоб хатида ушбу ҳолат содир этилгани тасдиқланган ва огоҳлантириган ва ойлигидан 5 фоиз жаримага тортилган.
Таъкидланишича, “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 21-моддаси иккинчи хат бошида сотувчи (ижрочи) истеъмолчини ҳақ эвазига қўшимча товарлар сотиб олишга ёки қўшимча хизматлардан фойдаланишга қисташга, шунингдек кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олишга ҳақли эмас. Агентлик томонидан тақдим этилган маълумотда айнан қайси банк ходими ушбу ишни содир этгани очиқланмаган.