2020 йилнинг 1 октябрь куни ДХХ Наманган вилояти бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Янгиқўрғон туманининг “Қизилёзи” маҳалласи ҳудудидан ўтувчи “ўзбек-қирғиз” давлат чегараси яқинида жойлашган назорат ўтказиш масканида, маҳаллий фуқаро А.Юлдашев бошқарувидаги “Дамас” русумли автотранспорт воситаси тўхтатилади. Текширув жараёнида автомашинанинг узатмалар қутиси ғилофи орасига яшириб қўйилган 938.400 россия рубли ва 486.000 қирғиз соми борлиги аниқланади.
Ҳолат юзасидан қўзғатилган жиноят иши доирасида олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида маълум бўлишича, 2020 йилнинг сентябрь ойи охирларида қирғизистонлик “Канибек” исмли шахс Косонсой тумани бозорида маҳаллий фуқаро, муқаддам судланган О.Рахмонов билан кўришиб, унга юқорида кўрсатилган россия рубли ва қирғиз сомини берган ҳамда вақтинча сақлаб туришини илтимос қилган.
2020 йилнинг 1 октябрь куни “Канибек” О.Рахмонов билан боғланиб, пулларни Қирғизистонга ўтказиб бериши керак бўлган Янгиқўрғон туманида истиқомат қилувчи А.Юлдашевдан бериб юборишини сўраган.
Жиноят ишлари бўйича Чортоқ туман судининг ҳукмига кўра, О.Рахмонов ва А.Юлдашев Жиноят Кодексининг тегишли моддаси билан айбдор деб топилиб, уларнинг ҳар бирига 3 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Ашёвий далил сифатида олинган 938.400 россия рубли ва 486.000 қирғиз соми давлат фойдасига мусодара қилинди.