Аввалроқ Тошкентда шу йил 28 март куни бир гуруҳ шахслар ёш йигит ва қиз ЛГБТ фаоллари деб гумонланиб, уларга тан жароҳатлари етказилгани ҳақида хабар қилинган эди.
Маълум бўлишича, ўша жанжалда иштирок этган барча 31 нафар фуқаронинг хатти ҳаракатига ҳуқуқий баҳо берилган. Шуларнинг 4 нафари эса жиноят ишида айбланувчи тариқасида жалб қилинган. Қолган 27 нафар фуқаронинг хатти-ҳаракатида эса МЖтКнинг қатор моддаларида белгиланган ҳаракатлар борлиги аниқланган.
Шунингдек, аввалроқ Миразиз Базаровни номаълум шахслар калтаклаб кетишгани ҳам хабар қилинган эди. Пойтахт ИИББнинг маълум қилишича, ўша ходисада гумон қилиниб 100 дан ортиқ фуқаролар сўроқ қилинган, 41 172 та автотранспорт воситалари эса жиноятчилар ҳаракатланган дея ўрганилмоқда. Ўша ҳодиса юзасидан датслаб ЖКнинг 105-моддаси 2-қисми “и” банди (“Бир гуруҳ шахслар ёки уюшган гуруҳ аъзоси томонидан ёхуд шу гуруҳ манфаатларини кўзлаб қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш”) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган. Кейинчалик тиббий экспертиза хулосасига кўра жиноий иш ЖКнинг 104-моддаси 2-қисми “к” бандига (“Қасддан баданга оғир шикаст етказиш, бир гуруҳ шахслар томонидан содир этилиши”) қайта малакаланган.
Шу билан бирга, шу йил 1 апрелдан 20 апрелгача Миразиз Базаров устидан 28 та ариза келиб тушган. Унда фуқаролар Базаров аризачилар ҳамда уларнинг қариндошларини ҳақорат қилгани, террористик ташкилотлар билан ҳамкорликда айблаб тухмат қилгани, миллий анъаналарни оёқ ости қилиб, аёлларнинг шаънига путур етказаётгани ҳамда миллатлараро низо уйғотаётгани сабабли унга нисбатан қонуний чора кўришни талаб қилган.
ИИББнинг қўшимча қилишича, Тошкентдаги 110-мактабнинг ўқитувчиларидан ҳам Базаров устидан шикоят келиб тушган. Улар Базаров ўқитувчиларининг касбий ва шахсий сифатлари ҳақида ҳақоратли маълумотлар тарқатганлиги ва шу билан уларнинг обрўсини топтаганлигини маълум қилиб, жазо берилишини сўраган.
Шулардан келиб чиқиб Базаров Миразизга нисбатан ЖКнинг 139-моддаси 3-қисми “г” банди (“Ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда туҳмат қилиш, яъни била туриб бошқа шахсни шарманда қиладиган уйдирмалар тарқатиш”) билан жиноий иш қўзғатилган. Ҳозирда тергов давом этмоқда.
Базаров ўзига келгач унинг сўзларидан келиб чиққан ҳолда уни калтаклаганликда гумон қилинаётган фуқаронинг фотороботи тузилган. ИИББ ўша шахсни таниганлардан +998712819075 ва +998712334946 ёки 102 рақамига хабар беришни сўраган. Маълумот берганларнинг шахси сир сақланиши кафолатланиши маълум қилинган.