Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, ЎзЛиДеПфракцияси раҳбари Актам Хаитов тадбиркорлик субъектлари, фермер хўжаликлари ва томорқа эгаларининг фаолияти билан танишиш, уларга амалий кўмак бериш мақсадида Фарғона вилоятида бўлиб турибди. Бу ҳақда ЎзЛиДеП матбуот хизмати хабар қилди.
Спикер ўринбосари Фурқат туманидаги «Уста Юсуфжон наққош» оилавий корхонаси уста наққоши, Ўзбекистон Халқ устаси Муҳамадали Юнусов устахонасида қўл меҳнатига асосланган маҳсулот тайёрлаш жараёни, ҳунармандчилик намуналарини кўздан кечирди.
Халқ устаси томонидан миллий ёғоч ўймакорлиги санъатини тиклаш ва авлодларга етказиш мақсадида «устоз-шогирд» анъаналарини давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Устанинг юздан зиёд шогирдлари миллий ёғоч ўймакорлиги ҳунарини миридан-сиригача ўрганиб, ҳунаримиз билан боғлиқ ҳар ишнинг устаси сифатида мустақил фаолият юритишяпти.
– Ҳунармандчиликда Самарқанд, Хоразм, Тошкент ва Қўқон мактаби бор эди. Яъни услуби жиҳатида бу мактабларнинг ҳунармандчилик ишлари ажралиб турарди. Бугун ҳеч шубҳасиз айтаманки, Фурқат тумани мактаби ҳам яратилмоқда. Боиси Президентимиз ташаббуси билан туманимизда янги ҳунармандчилик мактаби яратилмоқда. Бу маскан тез фурсатларда ишга тушади. Бу ерда минг нафардан зиёд ёш ҳунармандлар камол топади, – дейди уста ҳунарманд М.Юнусов.
Актам Хаитов уста билан суҳбатлашаркан, бугунги кунда барча соҳа ва тармоқлар қатори ҳунармандчилик йўналишида ҳам олиб борилаётган ислоҳотлар замирида қадри кетмас қадриятларимизни тиклаш, ёшларни ҳунарли қилиш ва уларни иш билан таъминлаш каби вазифалар устувор эканлигига алоҳида урғу берилди.