Ички ишлар тизимида фаолият юритаётган ва ўз хизмат вазифасига содиқ қолиб, пора таклиф қилаётганларни фош этаётган ходимлар тақдирланиши давом этмоқда, дея хабар қилди EVERYDAY.UZ мухбири.
Маълум бўлишича, Бухорода ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси ходимига фуқаро иш юритувидаги жиноят иши бўйича пора сифатида 500 доллар таклиф қилган. Ходим буни рад этиб, тегишли органга мурожаат қилган. Шундан сўнг ходим ушбу садоқати учун 10 млн сўм пул мукофоти билан тақдирланган.
Шунингдек, Қорақалпоғистонда ҳам Тергов бошқармаси бошлиғи ўринбосари подполковник А.Утемуратов унга таклиф қилинаётган пора ҳақида вақтида керакли жойга мурожаат қилиб, фуқарони яна бир жиноят – пора бераётганда ушлашга ўз хиссасини қўшган. Маълум қилинишича, 5 минг доллар порани олмаган ички ишлар ходимига ҳам пул мукофоти берилган. Лекин унга қанча мукофот берилгани Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ Ахборот хизмати томонидан тарқатилган хабарларда очиқланмаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2 минг доллар порани олмаган самарқандлик ходимга 15 млн сўм пул мукофоти берилгани ҳақида ёзган эдик.