Бухоро вилоятида ўзини фолбин ва афсунгар деб атаган 33 ёшли аёл фуқаронинг ишончига кириб, 1300 доллар ва телефонини олди. Бу ҳақда вилоят ҳуқуқ тартибот органлари хабар қилди.
Маълум бўлишича, Бухоро шаҳрида яшовчи фолбиннинг олдига шу йил апрел ойида 32 ёшли “мижоз” келган. Фуқаро фолбиннинг олдига келиб мушкуллари ва дардини айтиб берган. Бу орада фолбин фуқаронинг ожизлиги ва мушкулидан фойдаланиб унинг муаммосини ҳал қилиб беришини билдирган. Фолбин шамлар орқали илоҳлар билан гаплаша олишини айтиб, шу орқали мушкулини осон қилишини ва келажагини айтиб беришини таъкидлаган. Бунинг учун у фуқародан 3 минг доллар сўраган. Фуқаро эса унга ёнида бор 1300 доллари ва телефонини ҳам пулга баҳолаб берган.
Орадан вақтлар ўтсада фуқаронинг муаммоси ҳал бўлмаган ва у яна фолбин ёнига борган. Бу сафар у фуқаронинг йўллари фақат ўзининг дуоси билан очилишига шаъма қилган аёл ундан яна моддий манфаатдор бўлишга уринган. Аммо унинг бу галги уринишлари зое кетган.
Фолбин аёл фирибгарлик содир этгани шу йил 19 май куни маълум бўлган. Унга нисбатн ЖКнинг 168-моддаси 2-қисми, «а» банди (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган.