Ижтимой тармоқларда масжидларнинг бирида вояга етмаган боланинг ҳуқуқ тартибот органи ходими томонидан сўроқ қилинаётгани акс этган видео тарқалди. Видео телеграм каналларда эълон қилинди.
Маълум бўлишича, ушбу ҳолат шу йил 25 май куни соат 20:30ларда Пахтачи туманида содир бўлган. Ҳуқуқ тартибот органлари томонидан ўтказилган рейдда тумандаги Хўжа-Зиёвуддин жоме масжидида махсус диний маълумотга эга бўлмаган Х.А. исмли шахс 11 нафар (5 нафари вояга етмаган) фуқарога диний ташкилот бошқаруви марказий органининг рухсатисиз диний сабоқ бераётгани маълум бўлган. Бола ана шу рейд доирасида сўроқ қилинган.
Вилоят ИИБнинг маълумот беришича, фуқаро Х.А.га нисбатан МЖтКнинг 241-моддаси (диний таълимотдан сабоқ бериш тартибини бузиш) билан маъмурий баённома расмийлаштирилган. Шунингдек, фуқаро агар диний сабоқ беришни хоҳласа унга махсус диний билимларни эгаллаб, қонунларга асосан, ваколатли диний органларнинг рухсати асосида фаолият кўрсатиши мумкинлиги тушунтирилган. Шу билан бирга, вилоят ИИБ ҳеч кимга диний билим олишни чекламаслигини, Ўзбекистонда бу учун барча шароитлар яратилганини таъкидлаб, фақатгина қонунчиликка асосан, белгиланган меъёрларга амал қилинишини сўраб қолган.