Мамлакатимиз иқтисодиётида қишлоқ хўжалиги соҳаси етакчи ўринларда туради. Айниқса озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масаласи айнан шу тизим фаолиятига жуда катта масъулият юклайди. Мамлакатнинг иқтисодий барқарорлиги ва аҳолининг муносиб ҳаёт кечиришини таъминлашда фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, уларнинг ер майдонларидан самарали фойдаланиш масаласи алоҳида ўрин тутади.
Олий Мажлис Қонунчилик палтаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши раиси Актам Хаитов Самарқанд туманида бўлиб, “Gafurov `S bog`lari” фермер хўжалиги фаолияти билан яқиндан танишди. Бу ҳақда ЎзЛиДеП Самарқанд вилоят Кенгаши матбуот хизмати хабар қилди.
Ушбу кўп тармоқли фермер хўжалиги 10 гектар майдонда мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириб келмоқда. Бундан ташқари фермер хўжалиги қошида соатига 3-5 тонна омухта ем ишлаб чиқариш қувватига эга корхона, 150 тоннага мўлжалланган музлатгич омборхонаси, ойига 55 минг дона жўжа очдириш ускунаси (инкубатор) ва 20 минг бош броллер товуққа мўлжалланган паррандачилик цехи йўлга қуйилган.
Фермер хўжалигининг 6 сотих ер майдонига замонавий иссиқхона ташкил этилган бўлиб, иссиқхонада помидор ва бодринг элимиз дастурхонига етказиб берилмоқда. 3,5 гектар интенсив усулда барпо этилган боғлар орасига Голландиядан келтирилган элита картошка навлари экилган.
Бугунги кунда фермер хўжалигида 18 нафар доимий ва 30 нафар мавсумий иш ўринлари яратилган бўлиб, уларнинг аксарияти “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”да рўйхатда турувчи ёшлардан иборат.
Бироқ бугунги кунда “Gafurov `S bog`lari” кўп тармоқли фермер хўжалиги қошидаги паррандачилик цехи ўз фаолиятини тухтатган. Омухта ем ишлаб чиқариш корхонаси ҳам хом ашё етишмаганлиги сабабли ҳозирги кунда фаолият юритмаяпти.
ЎзЛиДеП раҳбари Актам Хаитов ёш фермер Шухрат Ғафуровга фермер хўжалигини янада ривожлантириш, томорқа ер эгаларини қўллаб қувватлаш жамғармаси ҳисобидан имтиёзли кредитлар олиб, паррандачиликни қайта йўлга қуйиш, томорқа хизматини йўлга қуйиш орқали юқорида келтирилган муаммолардан чиқиш йўлларини ҳамда ёш фермерни қўллаб қувватлашини, бу борада вилоят фермерлар кенгаши раисига муамоларни батафсил ўрганган ҳолда амалий ёрдам бериш зарурлигини таъкидлади.