ИИВ мазкур ҳолат юзасидан расмий баёнот берди. Баёнотда шу йил 10 июнь куни соат 00:50 ларда фуқаро А.А. Кобалтда катта тезликда қизил чироққа тўхтамай кетгани айтилган. Ҳайдовчи маълум бир ҳудудга етганда машинани тўхтатиб, ўзи пиёда қочишга уринган. Уни сўнгра ЙПХ ходимлари ушлаб олган ва маст ҳолатда экани гумон қилинган. Ходимлар фуқарони тиббий экспертизага олиб бориш учун Спаркка ўтқазаётганда эркак қаршилик қилган ва сўнгра соғлиғи ёмонлашган. Воқеа жойига тез тиббий ёрдам етиб келган. Лекин шунга қарамай ДСИ бошлиғи вафот этган. Вазирлик ўша ҳолатда иштирок этган икки нафар ЙПХ ходимларининг бодикамераларида ёзиб олинган видеони ҳам ҳавола этган. Ушбу видеога Дарё нашри қуйидагича изоҳ берган.
ИИВ икки нафар ЙПХ ходимининг бодикамераси орқали ёзиб олинган видеони улаб (монтаж қилиб), эълон қилган. Видеода ходимлар туман ДСИ бошлиғини ушлаб, Spark машинасининг орқа ўриндиғига ўтқизишга уринаётганини кўриш мумкин.
Икки ходим А.А.ни олд ва орқа томонидан машинага куч билан ўтқизишга ҳаракат қилган, А.А. эса уларга қаршилик қилган.Видеонинг айнан шу жойида кичик узилиш бўлган ҳамда катта сержантнинг ўрнига кичик сержантнинг бодикамераси орқали ёзиб олинган видео қўйилишни бошлаган. Икки нафар ходим эса ҳушини йўқотган А.А.ни машинадан тушириб, ерга ётқизган. ЙПХ ходимлари тез ёрдам чақирган, улар ўзаро суҳбатда А.А. нафас олаётганини бир-бирига айтган. ИИВ А.А.ни олд томондан тортиб, машинага ўтқизишга уринган ЙПХ ходимининг бодикамерасидаги ёзувларни эълон қилмаган.
Бош прокуратура мазкур ҳодиса юзасидан ЖКнинг 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) билан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди. Тергов устидан Бош прокуратура томонидан назорат ўрнатилган.