Тошкент вилояти Оққўрғон туманидаги 5-сонли давлат МТТдаги 25 нафар тарбияланувчи заҳарланган. Бу ҳақда мактабгача таълим вазирлиги хабар қилди.
Маълум бўлишича, шу йил 2 августдан 11 августга қадар 25 нафар тарбияланувчи заҳарланиш аломалари билан шифохоналарга ётқизилган. Ҳозирда ушбу болаларнинг 6 нафарининг аҳволи оғир бўлиб, реанимацияда қолмоқда, 1 нафари эса ўта оғир аҳволда, у сунъий нафас бериш мосламасига уланган.
Таъкидланишича, улар айнан қандай касалликка чалинганини билиш учун таҳлил олинган ва унинг натижаси яқин кунларда эълон қилинади. Дастлабки таҳминларга кўра болаларга “ботулизм” ташхиси қўйилган.
Шунингдек, вазирликнинг маълумот беришича, 1 нафар тарбияланувчи Б.М.Д 2021 йил 2 августгдан 7 августгача шифохонада даволанган. Лекин у пневмония касаллиги асоратларига кўра, юрак қон-томир етишмовчилиги туфайли 7 август куни вафот этган.
Ушбу ҳолат бўйича ҳуқуқ тартибот органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.