Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида жойлашган хонадонларда содир бўлган ёнғин бартараф этилди, деб хабар беради ФВВ матбуот хизмати.
Маълум қилинишича, 21 сентябрь куни соат 12:56 да туманнинг «Нодира» МФЙ Ҳаваскор кўчасида жойлашган хонадонларда ёнғин содир бўлаётгани тўғрисида шаҳар ФВБга хабар келиб тушган.
Воқеа жойига 4 та ёнғин-қутқарув экипажи соат 12:59 да етиб бориб, ёнғин соат 13:21 да ўраб олинган ва соат 13:32 да ўчирилган. Ёнғин оқибатида бир-бирига туташ қурилган уйларнинг, тахминан, 200 метр квадрат майдондаги томи, шифти ва ички қисми ёниб зарарланган.
Ҳодиса оқибатида ҳалок бўлган ва жабрланганлар йўқ. Ҳозирда ёнғин сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.