Аввалроқ пойтахтда содир бўлган ёнғин жойидан репортаж тайёрлаётган Миллий телеканали ходимларига қаршилик кўрсатилгани ҳақида ёзган эдик. Ўша ҳодисада оператор калтакланган эди.
Бош прокуратуранинг маълум қилишича, ҳодиса 24 январ куни соат 09:58 да Чилонзор тумани «Тирсакобод» маҳалласи Чорбоғ кўчасидага омборхонада содир бўлган. У ерда маиший техника, енгил ва оғир автоулов шиналари, памперс ва салфеткатлар сақланаётган омборхона ёниб кетган. Ҳодиса сабаби ҳозирча аниқ эмас.
Таъкидланишича, операторни омборхона ишчи ходимлари ва ўт ўчиришда ёрдамлашаётган шахслар калтаклаган. Ушбу ҳодисада иштирок этган Зангиотада яшовчи 31 ёшли З. У. ва Сергели туманида яшовчи 36 ёшли Ғ. А. ушланган. Суриштирувлар давом этмоқда. Ҳолат Бош прокуратура назоратига олингани маълум қилинди.