Тошкент вилояти Зангиота тумани ҳокими ёрдамчиси ва унинг шериги пора билан қўлга тушди. Бу ҳақда EVERYDAY.UZ мухбири хабар қилди.
Маълум бўлишича, ҳокимнинг маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича ёрдамчиси ҳамда собиқ кадастр бўлими ходими тил бириктирган. Улар фуқарога “Мевазор” МФЙда турар жой қуриш учун 8 сотих ер ажратиш ҳамда ҳужжатларини тайёрлаб беришни ваъда қилган. Ушбу хизмат учун улар 2021 йил давомида жами 15 500 доллар олган. Иккита шерик яна 1000 долларни олаётганда эса ушланган.
Ушбу ҳодиса юзасидан ЖКнинг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Зангиота тумани ҳокими ўринбосари қидирувга берилгани хабар қилинган эди.