Тошкентда андижонлик таксичи ўлдириб кетилди. Бу ҳақда EVERYDAY.UZ мухбири хабар қилди.
Маълум бўлишича, Андижоннинг Шаҳрихон туманида яшовчи 31 ёшли таксичи шу йил 7 январь куни бир фуқародан 11 650 доллар олиб, Тошкентга етказиб бериш бўйича келишган. Сўнгра ўзи билан яна 3 нафар йўловчини олиб, Тошкентга кетган ва шундан сўнг бедарак йўқолган. 8 январда эса таксичининг отаси ҳуқуқ тартибот органларига мурожаат қилиб, ўғли йўқолганини айтган. Ушбу ҳолатдан сўнг фуқаро қотиллик қурбони бўлиши мумкинлиги таҳмин қилинган ва бу бўйича ЖКНинг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Таҳмин қилинганидек, Кобальт ҳайдовчиси 9 январь куни Тошкент шаҳар, Яшнобод туманидаги автотураргоҳда юкхонасидан қотиллик аломатлари билан топилган. Ушбу ишда гумонланган 3 нафар фуқаро эса Қўқонда ҳибсга олинган.
Таъкидлаш жоиз, аввалроқ Тошкент вилоятидаги қамоқхоналардан қочган 3 нафар маҳбус иккита (1, 2) таксичини ўмариб кетгани ҳақида хабар қилинган эди.