O‘zLiDeP Хоразм вилояти кенгаши ташаббуси билан Янгиариқ туманидаги амфитеатрда очиқ осмон остида “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги конституциявий қонун лойиҳасининг мазмун-моҳиятига бағишланган эвент-тадбир ташкил қилинди.
“Инсонга фаровонлик, жамиятга эркинлик, давлатга масъулият!” шиори остида ўтказилган ушбу тадбирда O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Хаитов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, сенаторлар ва партия вилоят кенгаши ходимлари, халқ депутатлари вилоят, туман кенгашлари депутатлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбирда сўз олган партия вакиллари шу кунларда Ўзбекистонда жудаям қизғин жараён кечаётгани – мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ортга қайтмаслигини таъминлашга қаратилган, ҳар жиҳатдан мукаммал, юртимизда юз бераётган янгиланишларга мос конституциявий-ҳуқуқий асос вужудга келтирилганини эътироф этишди. Асосий қонунимиздан ўрин олаётган нормалар мамлакатимизнинг бугуни ва эртаси учун улкан аҳамиятга эга. Жамиятимизни либераллаштириш, демократлаштириш тарафдори бўлган O‘zLiDeP ҳозирги жараёнларда “Биз очиқлик ва ошкораликни танлаймиз!”, “Биргаликда очиқ жамият сари!” каби шиорларни ҳам илгари сурмоқда. Сиёсий кучнинг ғоят фаоллиги нафақат конституциявий ислоҳотларнинг ташаббускорларидан бири эканлиги билан, балки Асосий қонун такомиллаштирилиши асосида турувчи ғоялар партия дастурий қарашларига ҳамоҳанг эканлиги таъкидланди.
Нотиқлар қайд этганидек, ҳужжатда камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлаш, ишсизликдан ҳимоя қилиш бўйича давлат ўзига қатор янги мажбуриятлар олиши белгиланмоқда. Умуман давлатнинг ижтимоий мажбуриятларига доир нормалар уч баробарга ошмоқда.
Илк маротаба давлат зиммасига аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифаларининг ҳаёт сифатини ошириш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамият ва давлат ҳаётида тўлақонли иштирок этиши ва ўз ҳуқуқларини амалга ошириши учун шарт-шароитлар яратиш чораларини кўриш мажбурияти юкланмоқда.
Депутатлар томонидан давлат ўз зиммасига ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий, иқтисодий ва маданий соҳа объектлари ва хизматларидан тўлақонли фойдаланиши учун шарт-шароитлар яратиш, уларнинг ишга жойлашиш, таълим олишига кўмаклашиш мажбуриятини олаётгани ҳам ижтимоий давлат тамойилининг яққол ифодаси эканлиги таъкидланди.
Тадбирда партия фаоллари, тадбиркор ва ишбилармонлар, фахрийлар, ёшлар ҳам сўзга чиқиб, халқимиз тақдири ва эртанги кунини белгилаб берадиган тарихий қонунга бефарқ бўлмасдан 30 апрелда бўлиб ўтадиган референдумда Янгиланаётган Конституция учун овоз беришга чақирди. Тадбир концерт дастурига уланди, эстрада хонандаларнинг куй-қўшиқлари қатнашчиларга завқ улашди.