Бир байт матни ҳақида

Бир байт матни ҳақида
Адабиётшунос Отабек Жўрабоев “Ҳайрат ул-аброр” достони таркибидаги наът бобларининг матнини таҳлил этиб, турли нашрлардаги матний тафовутлар ҳақида фикр юритган. Шу ўринда бир байт юзасидан олимнинг олиб борган таҳлиллари эътиборимизни жалб этди.

Достондаги “Аввалғи наът” таркибида келган қуйидаги байтнинг учта нашрдаги вариантлари қиёсланган.

Хусусан, “Порсо Шамисев домла матнида:

“Ҳо”и муҳаббат анга-ўқдур насиб,

Ким ани ҳақ деди ўзига ҳабиб.

Мукаммал асарлар тўплами матнида:

“Ҳо”и муҳаббат санга-ўқдур насиб,

Ким сени ҳақ деди ўзига ҳабиб.

Ваҳоб Раҳмонов домла матнида:

“Ҳо”и муҳаббат анга-ўқдур насиб,

Ким сени ҳақ деди оъзига ҳабиб.

Мазкур байтлар қиёсланган ҳолда, қуйидаги вариант байтнинг энг тўғри варианти сифатида тақдим этилади:

“Ҳо”и муҳаббат анга-ўқдур насиб

Ким, ани Ҳақ деди ўзига: “Ҳабиб!”.

“Байтда васф этилаётган учинчи шахс “анга” ва “ани” (яъни, Расулуллоҳ с.а.в.) эканлиги янада ойдинлашади”.

Қайд этиш лозимки, устоз матншунос Порсо Шамсиев “Ҳайрат ул-аброр” достонининг араб ёзувидаги танқидий матнини 1970-йилда нашр эттирганлар. Қизиқ томони, ушбу танқидий матнда юқоридаги байт “санга” (ﺳﻨﻜﺎ) ва “сени” (ﺳﻴﻨﻰ) тарзда ёзилган. Бундан чиқадики, Порсо Шамсиев достоннинг танқидий матнини тайёрлаётганда ушбу байтни таҳрир қилганлар.

Адабиётшунос Акрам Малик 2021-йилда достоннинг табдили ва шарҳини эълон қилди. Унда юқоридаги байт қуйидаги шаклда берилган:

“Ҳо”и муҳаббат санга ўқдур-насиб

Ким, сени Ҳақ деди Оъзига ҳабиб.

Ушбу байтдаги олмошларнинг қайси шахсда бўлишига доир хулоса чиқаришдан олдин ундан аввалги байтлар ва уларнинг табдили, мазмуни билан танишиш лозим бўлади. Зеро у “ўзидан аввалги байтларнинг узвий давоми”дир.

Эй қилибон ламъайи нурунг зуҳур,

Андаки не соя бор эрди не нур.

Насрий баён: Оламда на нур ва на соя мавжуд бўлмаган пайтда Сенинг нуринг шуъласи зуҳур этди.

Нурунгга тоб икки жаҳондин бурун,

Ҳар не йўқ андин бурун, андин бурун.

Насрий баён: Сенинг нуринг икки жаҳондан олдин, нимаики энг қадимий бўлса, ундан ҳам олдин товланди.

Зовияйи жисмға ҳар зотдин,

Руҳ ёқиб шамъ бу мишкотдин.

Ушбу байтнинг бир неча хил табдил ва талқинлари бор. Жумладан:

Абдуқодир Ҳайитметов табдили: Жисм (тана) қисмлари (бурчак)ига йиғилган, ҳар нарсанинг асл Зоти(дан намуналар) жойлаштирилган токчага руҳ шамъ ёқди.

Отабек Жўрабоев табдили: У (Расулуллоҳ)нинг жисмининг ҳар бир бурчагига (ҳар бир жузъига Аллоҳ ўз) зотининг ҳар бир сифатидан юқтирди; бу гўё чироқпоядаги шамъни руҳ ёққанидек.

Акром Малик табдили: Аллоҳ таоло ҳар зотнинг жисм уйи бурчагида шу чироғдондан руҳ шамъини ёқди.

Таъкидлаш керакки, “жисм” сўзи фақат тана (хусусан инсон танаси) маъносида эмас, умуман вужуд, баъзан коинот маъносида ҳам қўлланади. “Зот” сўзи эса “Алишер Навоий асарлари тилининг изоҳли луғати”да: 1. асл, моҳият; 2. Аллоҳ; 3. жисм гавда; 4. шахс, 5. инсон табиати; 6. насл-насаб каби маъноларни ифодалаши қайд этилган.

Шундай манзарани тасаввур қилинг: қоронғу уйнинг турли бурчакларида турли жисмлар мавжуд. Бироқ ёруғлик бўлмаганлиги учун улар кўринмайди. Чироқпоя ёки шаъмдондаги шаъм ёқилгач, уйнинг бурчакларидаги ашёлар намоён бўлади, гўёки тирилади. Байтда ифодаланган яширин тамсил, бизнингча шу.

Ушбу байтнинг асосий манбаи Қуръони Каримдаги “Нур” сураси 35-оятидир. Унда шундай марҳамат қилинади: “Оллоҳ осмонлар ва ернинг нуридир (яъни уларнинг барчасини ёритиб, кўзга кўрсатиб – йўқдан бор қилиб тургувчидир). У Зот нурининг (мўмин банда қалбидаги) мисоли худди бир токча, унинг устида бир чироқ, бу чироқ бир шиша ичида, у шиша гўё бир дур юлдузга ўхшайди...”.

Алишер Навоий коинотни қоронғу уйга “Нури Муҳаммадий”ни эса уни ёритган, жонлантирган шамъга қиёслаган. Демак, байтнинг мазмуни: “Вужуд (ёки коинот) оламининг барча бурчакларидаги жисмларга (Сенинг нуринг) руҳ бағишлади, бу гўёки токчадаги сҳамъ барча ашёларга руҳ бағишлагандек (яъни намоён қилганидек)”.

Бу фикрнинг мантиқий давоми кейинги байтда ифодаланган:

Топти азал субҳи чу базминг чароғ,

Не тонг агар ёруса юз минг чароғ.

Азал субҳида Сенинг базминг чироғи (“Нури Муҳаммадий”) яратилгач, ундан коинотдаги қолган юз минглаб ёритгичлар нур оди ва ёришди, бунга ажабланмаса ҳам бўлади.

Байтда чироқ ёки шамъларнинг ёқилиш жараёни яширин тамсил қилинган. Яъни аввал битта шаъм ёқилиб, унинг ёрдамида бошқа ёритгичлар ёқилишига ишора мавжуд. Бу билан мутафаккир шоир оламдаги барча нур ва нур қайтарувчи манбалар “Нури Муҳаммадий”дан яратилганлигига ишора этмоқда.

Бўлди санга Одам сабқатнамо,

Аввал ўғул, сўнгра гар ўлса ато.

Абдуқодир Ҳайитметов табдили: Одам Ато Сенга нисбатан аввалгидай, аслида у сенга ўғил бўлди, сўнг инсонларга ота.

“Бўлди” феъли “сабқатнамо” сифати билан қўшма феъл ҳосил қилганда Ҳазрат Навоий бу фикрни яъни “Одам Атонинг гўёки аввалгидек” эканлигини аксарият инсонлар каби тасдиқлаётгандек бўладилар. Аслида эса, “бўлди” феъли иккинчи мисрадаги “ўғул” ва “ато” сўзлари билан қўшма сўз ҳосил қилади. Бунинг учун эса “Одам” сўзи форсча изофа билан “Одами сабқатнамо” тарзда ўқилиши лозим. Зеро изофа араб алифбоси асосидаги ёзувда ифодаланмаслиги кўпчиликка маълум. Шунда вазндаги кичик муаммо ҳам ҳал бўлади:

Бўлди санга Одами сабқатнамо,

Аввал ўғул, сўнгра гар ўлса ато.

Сенга нисбатан аввалгидай (яъни олдин яшагандек) кўринган Одам Ато даставвал сенга фарзанддир, сўнгра эса ота.

Шу байтдан бошлаб икки шахс - Муҳаммад алайҳиссалом (сен) ҳамда Одам Ато (у)нинг ота ва фарзандлиги ҳақида фикр юритилади.

Наслда ҳар ким анга пайванд ўлуб,

Борчаси фарзандингга фарзанд ўлуб.

Кимки наслда унга (!) (Одам Атога) пайванд бўлса, барчаси сенинг (!) фарзандинг (Одам Ато) фарзандларидир (яъни Сенинг набираларингдир).

Кимки мунга даъвийи ҳужжат этар,

“Кунту набийян” анга ҳужжат етар.

Ушбу байтда иқтибос қилинган матн Пайғамбар (а.с.) ҳадисларидан олинган. Унинг тўлиқ шакли қуйидагича: “Ва қавлуҳу саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кунту набийян ва адаму байнар руҳи вал жасади”. (Пайғамбар (а.с.)нинг айтганлари: “Мен Одамнинг руҳи жисми билан бирлашмаган пайтда пайғамбар эдим”).

Демак Ҳазрат Навоий юқоридаги фикрларига ушбу ҳадисни исбот сифатида келтирганлар. Бироқ ижодкор мутафаккир сифатида бу билан қониқиш ҳосил қилмайдилар:

Ўзга далил истаса табъи сақим,

Басдурур Одамда “алиф”, “долу”, “мим”.

Борчаси Аҳмадда топиб иззу шон,

Ўғлида уч ҳарф атодин нишон.

“Ҳо”и муҳаббат санга-ўқдур насиб,

Ким сени ҳақ деди ўзига ҳабиб.

Абдуқодир Ҳайитметов табдили: Табиати носоғ бирон киши яна бошқа далил талаб қилса, бунга “Одам” сўзидаги “алиф”, “дол” ва “мим” ҳарфлари борлиги етарлидир. Чунки бу ҳарфларнинг ҳаммаси “Аҳмад” сўзида ҳам қадр-қиймат топган бўлиб, ўғлида (отасида бор) уч ҳарф отадан белгидир. “Ҳо”си сенда муҳаббат насиб бўлганини англатиб, Аллоҳ сени ўзига “Ҳабиб” деди.

Ушбу насрий баён жиддий эътироз туғдирмайди. Бироқ унда “бирон киши”, “ҳам” сўзлари ортиқча. Шунингдек, унда айирув-чегаралов юкламаси (-ўқ)нинг маъноси инобатга олинмаган. Натижада, ота ва ўғил масаласи тушунарсизроқ ифодаланган.

Акром Малик табдили: Агар табиати қусурли бўлганлар бошқа далил истасалар, “Одам” сўзидаги “алиф”, “дол” ва “мим”га боқсинлар.

Бизнингча, байтларни қуйидагича баён этиш маъқулроқ:

Хаста табиат яна бошқа далил талаб қилса, унга “Одам” сўзидаги “алиф”, “дол” ва “мим” ҳарфларининг борлиги етарлидир. Бу ҳарфларнинг ҳаммаси “Аҳмад” исмида иззат ва шон-шавкат топган эди ҳамда ўғлига (Одамга) учта ҳарф отадан (Аҳмаддан) нишон бўлиб ўтди. Муҳаббат рамзи бўлган “ҳо” эса Сенгагина (Аҳмадга) насиб бўлди, зеро Аллоҳ Сенигина ўзига “Ҳабиб” деди.

Байтларнинг мантиқий кетма-кетлигидан маълум бўладики, уларда тилга олинган учинчи шахс Одам ато, иккинчи шахс эса осмоний китобларда Аҳмад исми билан тилга олинган Муҳаммад (а.с.) эканликлари ойдинлашади. Бинобарин, юқоридаги байт вариантларининг мазмунга мувофиқи Порсо Шамсиевнинг 1958-йилда нашр эттирилган “Хамса” таркибидаги эмас, балки 1970-йилда эълон қилинган “Ҳайрат ул-аброр” нинг араб ёзувидаги танқидий матнидаги варианти. Ундаги вариант кейинчалик “Мукаммал асарлар тўплами”нинг 7 томига ҳам (Бош ҳарфлар масаласини инобатга олмаганда) тўғри ўтказилган:

“Ҳо”и муҳаббат Санга-ўқдур насиб,

Ким Сени Ҳақ деди Ўзига ҳабиб.



Собиржон Тоҳиров
Самарқанд давлат университети
мумтоз адабиёти тарихи кафедраси доценти,
филология фанлари номзоди.

Ўхшаш янгиликлар

Янгиликка фикр ёзиш чоп этилган кундан 30 кун ичида мумкин.

Сўнгги янгиликлар

Ўзбекистон ва Тожикистон: Ўзаро ишонч, абадий дўстлик, иқтисодий ҳамкор мамлакатлар...

Ҳудуди 143 минг 100 квадрат километрга чўзилган, салкам 10 миллион аҳоли истиқомат қиладиган Тожикистон Ўзбекистоннинг стратегик шериги ва...
18-04-2024, 15:20

Самарқанд давлат университети тожикистонлик меҳмонларда катта таассурот қолдирди…

Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон-Тожикистон ректорлари форуми иштирокчилари Самарқандга ташриф буюрди. Тожикистон Республикаси Таълим ва...
18-04-2024, 09:41

“Болаларимиз яхши яшаши учун ҳам бугун биз уларни ўқитишимиз даркор”…

Самарқанд давлат университети филология, тарих, математика, география ва экология, интеллектуал тизимлар ва компьютер технологиялари...
8-04-2024, 09:46

“Жамиятга билимли болаларни берган ота-она шарафли инсонга айланади”…

Самарқанд давлат университетида Муҳандислик физикаси институти, филология, тарих, математика, география ва экология, интеллектуал тизимлар...
4-04-2024, 09:50

Табрик!

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ректори A.Ш. Бекмуродовга! Ҳурматли Адҳам Шарипович! Сизни...
31-03-2024, 23:41
Ўзбекистон янгиликлари » Жамият » Бир байт матни ҳақида