Аввалроқ сайтимизда O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан пойтахтимиздаги “Халқлар дўстлиги” саройи олдидаги майдонда “Янги Ўзбекистонни биргаликда қурамиз!” шиори остида янги шаклдаги тарғибот тадбири ўтказилгани ҳақида хабар берган эдик. Унда эстраданинг ёрқин юлдузлари иштирок этгани хусусида ҳам ёзилган эди.
Шунингдек, ундан аввалроқ “Адолат” партиясининг байрам тадбирида Ўзбекистон Халқ артисти Юлдуз Усмонованинг қўшиғи муаллифдан сўралмаган ҳолда сўзлари ўзгартирилгани юзасидан фейсбукда пост қолдирилгани ҳақида ёзган эдик.
Маълум бўлишича, бизга келиб тушган видеолавҳага кўра O’zLiDeP томонидан ташкил этилган байрам тадбирида Ю. Усмонова ўша вазиятга эътибор қаратган.
“Адолатсизликни қаранг. “Адолат” партияси “Ҳеч кимга бермаймиз сени адолат” дептию, лекин мендан бир оғиз ҳам сўрамади. “Адолат” партияси адолатсизлик ҳақида гапиряпти. Лекин, “Адолат”ни жойига қўйиш керак. Ўйламасин-ки, кимдир партиянинг байроғини тақиб олса, 1-2 сўм пул берса кетаверар экан деб. Ундай эмас, сизлар учун ишлаш керак, сизлар (халқ) келажакка кенг қарашинглар керак. Ҳеч кимга Ўзбекистонни бермаймиз, қўлдан келганича хизмат қиламиз”, - дейди Усмонова.
Шу ўринда, вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида “Адолат” партиясидан муносабат кутиб қоламиз.