Алламжонов қизни ўғирлаб кетмоқчи бўлган эркак ушлангандан сўнг юзи беркитилган ҳолда суратлари тарқатилганига норозилик билдириб, ундай инсонларнинг “башара”сини очиқ кўрсатиш кераклигини айтди.
Ундаги расмни кўриб, ичларим титраб кетди. Бундай ифлосларнинг башарасини очиқ кўрсатиш керак. Нима учун қора қилиб беркитилган?, – дейди Кенгаш раиси.
Алламжонов иккинчидан ўша воқеага бефарқ бўлмаган, қизнинг йиғлаётганини кўриб уларни тўхтатиб қолган ва қизни соғ-саломат синф раҳбарига топширган Абдулазиз Обидовнинг ҳаракатларини қаҳрамонлик деб ҳисоблашини айтиб, ОАВ вакилларидан шундай қаҳрамонлар ҳақида кўпроқ маълумот беришни сўраб қолган. Алламжонов аслида шундай инсонларга давлат мукофоти берилиши кераклигини таъкидлаб ўтган.
Болаларга кўз олайтирадиган хайвонлар қамоқда чирисин! Дунёнинг манаман деган инсон ҳуқуқлари ташкилоти танқид қилса ҳам, шу фикримда қоламан. Миллий гвардия ходимлари, сизларга эса фақат респект, – дейди К. Алламжонов.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Янгийўл шаҳридаги 10-сонли мактабда ўқувчи қизни номаълум эркак ширинлик олиб бераман деб олиб кетгани, шундан сўнг қизнинг йиғлаётганини кўрган кабоб сотувчи уларни тўхтатиб қолгани ва ўғирламоқчи бўлган эркак қочиб кетгани ҳақида ёзган эдик. Ушбу ҳолатдан сўнг 4 февралда эркак Оққўрғон туманида ушланган эди. Кейинчалик у 1983 йилда туғилган, муқаддам судланган Х.Т. экани маълум бўлган.